Миллий матбуот марказида Мактабгача таълим вазирлиги ички аудит, молиявий ва ҳуқуқий назорат хизмати фаолиятига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Мазкур хизмат республика ва ҳудудий бюджет маблағларининг ноқонуний сарфланиши ва талон-торож қилиниши ҳолатлари профилактикасини олиб боради. Бугунги кунда айрим ҳудудларда жойлашган MTMлар фаолиятига оид салбий ҳолатлар ҳамон учрамоқда.
Мактабгача таълим тизими узоқ йиллар давомида етарли даражада назоратда бўлмагани туфайли қонунбузарликлар кўп содир этилган. Ходимларга иш ҳақларини бермасдан ноқонуний ўзлаштириш, сохта иш ҳақи ва мукофот пулларини ёзиб, нақд пулларни асоссиз ҳисобдан чиқариш ҳам кузатилган.
—Айрим жойларда ходимларга ўз иш ҳақини тўлиқ бермасдан қисман бериш ҳолатлари ҳам аниқланди, — дейди Мактабгача таълим вазирлиги аудит хизмати бошлиғи Д.Норматов. — Хусусан, Хоразм вилояти Шовот туманидаги 14-сонли MTMда ишлаган ходимларга 5-6 йиллаб ўзларига тегишли бўлган ойлик иш ҳақи вақтида тўлиқ берилмаган. Ишга қабул қилинганлар 4 ойлаб текинга ишлаган, бундан ташқари, муассаса ходимлари фермер хўжаликларида мажбурий меҳнатга жалб қилиб келинган. Бу муассасани мудиранинг қайнонаси бошқариб келган бўлиб, у эса ҳақиқатда 2010 йилдан шу MTMга тарбиячи лавозимига расмийлаштирилган. Қайнонанинг аслида мудира эмас, балки тарбиячи бўлиб ишлаётганини айрим ходимлар билмаган ҳам.
Ушбу муассасада ўтказилган дастлабки ўрганиш ва якуний тафтиш ишлари натижасида жами 197,5 миллион сўм миқдорда давлат бюджети маблағи ўзлаштириш йўли билан талон-тарож қилингани фош этилди.
Изоҳ (0)