Ўзбекистонда чек лотереясини жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Мубин Мирзаев 19 июнь, чоршанба куни бўлиб ўтган брифингда берган маълумотига таяниб «Халқ сўзи» хабар қилади.
Унинг таъкидлашича, чек лотереяси жорий этилганидан сўнг одамлар олинган товар ёки хизматлар учун чек сўрашни бошлайди.
Бунинг учун зарур инфратузилмалар яратилиши, жумладан, электрон ҳисоб-фактура ва онлайн назорат-касса машиналари жорий этилиши лозим.
«Бу ерда ҳеч қандай чекловлар ўрнатмаймиз — телефон, планшет, компьютер… Интернетга уланадиган ҳар қандай қурилма бўлиши мумкин. Бу ҳозир ихтиёрий. Тизимга 118 та савдо ташкилоти уланди. Биз ҳар бир ташкилот нечта чек бергани, ҚҚС қандай кўрсатаётганини кўриб турибмиз. Солиқ тўловчиларни мажбурлаган ҳолда нимадир қилиш қийин. Бироқ харидорларни ҳам рағбатлантирсак, у ҳолда уларнинг ўзлари ҳаммасини тузатади», — деди у.
Унинг сўзларига кўра, товар ёки хизмат учун берилган чек лотерея чиптасига айланади. «Чекдан лотереяда қатнашиш учун фойдаланса бўлади. Чек берилганидан сўнг у бизнинг маълумотлар базамизда акс этиши, шунингдек, у ҳақиқий ва аниқ бўлиши керак», — дея қайд этди ДСҚ раҳбари ўринбосари.
Бундан ташқари, йиғилган чеклардан даромад, ер, мол-мулк ва бошқа солиқларни камайтириш мақсадларида фойдаланиш мумкин бўлади.
Мубин Мирзаевнинг фикрича, рағбатлантириш тизими яратилса, аҳолининг ўзи солиқ тўловчилар ва солиқ органларини назорат қилади.
«11 минг нафар солиқ органлари ходимлари барчасини назорат қила олмайди. Агарда одамлар, масалан ресторан, чойхона, дўконларда чек талаб қилса, даромадларини кўрсатса ва солиқларни тўласа — шунинг ўзи етарли», — деди у.
Янгиликни ўз ичига олган Президент қарори лойиҳаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилиб, давлат раҳбари администрациясига киритилган. Ҳужжатнинг 1 июлга қадар қабул қилиниши кутилмоқда.
Изоҳ (0)