Самарқанд вилояти Булунғур тумани «Мингтепа» маҳалласида яшовчи 1989 йилда туғилган З.У. никоҳи ФҲДЁ бўлими орқали расмийлаштирилмаган турмуш ўртоғи К.Г. томонидан пайшанба ўтар кечаси аёвсиз дўппослангани, аёл оғир аҳволда касалхонага ётқизилгани ҳақида хабар берилган эди.
«Газета.uz»нинг хабар беришича, юз берган воқеага қарамай, З.У. ички ишлар бўлимига ариза бермаслигини маълум қилган. Бироқ якунда ариза барибир берилган. Хабар беришларича, ҳозирда К.Г. ҳибсга олинган, унга нисбатан Жиноят кодексининг 109-моддаси (қасддан баданга енгил шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати раҳбари Сурайё Раҳмонованинг «Газета.uz»га маълум қилишича, кўпчилик ҳолатларда маиший зўравонликлар Жиноят-процессуал кодексининг 325-моддаси бўйича малакаланади. Унга кўра, жиноий ҳаракатларни жабрланувчи томон аризаси бўлган тақдирдагина бошлаш мумкин.
«Бу каби ҳолатларда жабрланувчиларнинг қарорлари, афсуски, уларга қонун бераётган ҳуқуқларга эмас, оммавий муҳокамалардан қўрқиш, маишиф ҳимояланмаганлик, руҳий ва психологик кўмакнинг йўқлигига таянилади. Яъни, бу ерда жиноий-ҳуқуқий эмас, балки асосан ижтимоий жиҳатлар инобатга олинади. Маиший зўравонликлардан азият чеккан аёллар нафақат яқинлари, балки мутахассисларнинг ҳам руҳий ва ижтимоий кўмагига эҳтиёж сезади», — деди у.
Сурайё Раҳмонованинг алоҳида таъкидлашича: «Бош прокуратура маиший зўравонликлар билан боғлиқ бу каби ҳолатларнинг ҳар бирига қонун доирасида ҳуқуқий баҳо берилиши ва айбдорлар жавобгарликка тортилиши бўйича қатъий позициясини билдиради».
Маълум қилишларича, ушбу иш Ўзбекистон бош прокурори Отабек Муродов томонидан алоҳида назоратга олинган.
Изоҳ (0)