Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ташаббуси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги «Ягона интегратор UzInfocom» МЧЖ билан ҳамкорликда ўзбек тилининг ижтимоий мавқейини янада мустаҳкамлаш ва оммавий саводхонликни тарғиб этиш мақсадида жорий йилда учинчи бор «Diktant.uz» акцияси ташкил этилди. Бу ҳақда Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Акция 2019 йилнинг 28 май куни Алишер Навоий номидаги ТошДЎТАУда ва мамлакатнинг барча вилоятларидаги олий таълим муассасаларида ўтказилди. Шу кунга қадар www.diktant.uz сайтида беш мингга яқин аҳоли рўйхатдан ўтган бўлиб, диктантда бевосита иштирок этиш имконияти мавжуд бўлмаган сайт аъзолари учун онлайн режимида диктант ёзиш имконияти ҳам яратилди.
Қолаверса, бевосита акцияда қарийб ўн мингга яқин иштирокчи қатнашди. Жорий йилда илк бор Сурхондарё вилоятидаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази талабалари, Ички ишлар вазирлиги таъсарруфидаги Ёнғин Хавфсизлиги Олий техник мактаби тингловчилари ва ўзбек тилини ўрганаётган хорижликлар ҳам акцияда иштирок этишди. Иштирокчилар орасида кексалик гаштини сураётган отахон-у онахонлар, эндигина ёзишни ўрганган укажон-у сингилжонлардан тортиб, мактаб ўқувчилари, талабалар, турли хил касб эгалари бор. Уларнинг барчаси ўз саводхонлик даражаларини ушбу акция орқали яна бир синовдан ўтказишди.
Акциянинг якуний натижалари 10 кун ичида www.diktant.uz сайтида эълон қилинади.
Изоҳ (0)