«Ёшлар» телеканалининг «Давр» информатион-таҳлилий дастурида Тошкент вилоятидаги мактабларнинг спорт залларининг ҳолати қониқарсиз эканлиги ҳақида лавҳа эфирга узатилган эди. Тошкент вилояти Халқ таълими бошқармаси ушбу лавҳа юзасидан расмий ахборотни «Дарё»га тақдим этди.
2018 йилда Инвестиция дастури доирасида 26 мактабларда 70,3 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди (4 та янги қурилди, 14 та реконструкция ва 8 та мукаммал таъмирланди).2018 йилда «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастури доирасида 37 та мактабларда 30,3 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Шунингдек, қўшимча равишда 3,5 миллиард сўм ҳисобига 1 та мактаб қуриб фойдаланишга топширилди.
2019 йилда Инвестиция дастурига биноан 49 та мактабларда қурилиш-таъмирлаш ишларига жами 73,3 миллиард сўм маблағ ажратилган.
2019 йилда «Обод қишлоқ» дастури бўйича 21 та мактабларда қурилиш таъмирлаш ишларига 40,5 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Тошкент вилояти халқ таълими тизимида видеолавҳада тилга олинган ва ундан ташқари ечимини кутаётган бир қатор муаммолар мавжуд:
Оҳангарон шаҳрида 600 та янги хонадонлар қурилган бўлиб, мазкур ҳудудда фаолият кўрсатаётган 120 ўринли бинода жойлашган 9-умумтаълим мактабини реконструкция қилиш йўли билан қувватини ошириш талаб этилади.
Вилоятдаги 301 та мактабларнинг атрофи тўлиқ ўралмаган бўлиб,4 та умумтаълим мактаблари (Оққўрғон туманидаги 40-сонли, Паркент туманидаги 6-сонли, Қуйичирчиқ туманидаги 8-сонли, Юқоричирчиқ тумани 40-сонли мактаблар) хом-ғишт ҳамда ёғоч каркасли биноларда жойлашган, Бўка туманидаги 39-сонли мактабнинг биноси авария ҳолатига келган.
211 та мактабларнинг спорт зали йўқ ва жисмоний тарбия дарслари асосан мактаб ҳовлисидаги очиқ стадион майдонларида, куз-қиш мавсумида назарий машғулотлар вақтинча синф хоналарида амалга оширилиб келинмоқда.
Бундан ташқари, мавжуд 93 та мактаб филиалларидан 21 танинг биноси хом ғишт ва пахсадан ҳашар йўли билан қурилган. Мактабларнинг 53 таси 1936—1960 йиллар оралиғида қурилган бўлиб, уларнинг бугунги ҳолати таъмирлаш ишларига ҳам яроқсиз ҳолатга келиб қолган. Вилоят халқ таълими ҳамда 7 та туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларининг маъмурий бинолари йўқ. 71 та мактабда ўқувчилар 2 ва ундан ортиқ коэффициентда фаолият кўрсатмоқда.
Мавжуд муаммолар амалдаги қонунчилик, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарор ва фармонлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига мувофиқ бюджет маблағлари ҳисобидан, шунингдек, маҳаллий ҳокимият органларининг саъй-ҳаракатларига кўра маҳаллий бюджет маблағлари ва ҳомий ташкилотлар кўмагида тузилган режага мувофиқ босқичма-босқич олиб борилмоқда.
Тошкент вилояти Халқ таълими бошқармаси мазкур масалани алоҳида эътиборга олиб, мавжуд имкониятлардан келиб чиққан ҳолда муаммоларни бартараф этиш чораларини кўради.
Изоҳ (0)