Шавкат Мирзиёев 17 май куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати маълум қилди.
Суҳбат аввалида давлат раҳбари Қозоғистон президентини таваллуд куни билан самимий табриклаб, мустаҳкам соғлик ва давлат хизматидаги фаолиятида муваффақият тилади.
Олий даражадаги мунтазам ва самарали мулоқотлар Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларининг жадал ривожланиши ва изчил мустаҳкамланиб боришига хизмат қилаётгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг жорий йил апрель ойида Ўзбекистонга амалга оширган илк давлат ташрифи савдо-иқтисодиёт, инвестиция ва транспорт-коммуникация соҳаларидаги амалий ҳамкорлик, шунингдек, маданий-гуманитар алмашинувларни кенгайтириш учун кенг имкониятлар очгани алоҳида таъкидланди.
Президентлар минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашди.
Суҳбат сўнгида давлат раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаевга жорий йил 9 июнь куни бўлиб ўтадиган Қозоғистон президенти сайлови муваффақиятли ўтишини тилади.
Изоҳ (0)