4 май куни Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртида Мудофаа вазирлиги миқёсида биринчи марта «Кўргазмали қўл жанги намойиши» йўналиши бўйича мусобақа ўтказилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
«Ҳарбий хизматчиларда қўл жанги бўйича кўникмаларни шакллантириш, рақиб ҳамласидан ўзини ўзи ҳимоя қилиш, сафдан чиқариш, довюраклик, қатъиятлилик сифатларини ошириш ва ўз кучига бўлган ишончини тарбиялаш мақсадида ўтказилган мусобақа росмана дўстона рақобат тусида ўтди. Унда 10 та жамоа, ҳар бирнинг таркибида 15 нафар иштирокчи, жуфтлик таркибида 2 нафар иштирокчидан иборат ҳолда беллашдилар», — дейилади хабарда.
Жамоаларнинг ҳар бир чиқиши ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.
Якуний натижаларга кўра, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округидан келган шартнома бўйича ҳарбий хизматчи Элдор Шокиров ва муддатли ҳарбий хизматчи Алмаз Тажетдинов «Энг яхши жуфтлик», Мудофаа вазирлиги Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлиги вакиллари шартнома бўйича ҳарбий хизматчи Нургали Нишонбоэв «Энг яхши акробатик усул», катта лейтенант Хушмед Қурбонов эса «Энг яхши техникаси учун» номинацияларида ғолиб деб топилди.
«Умумжамоа ҳисобида эса Тошкент ҳарбий округи биринчи, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти иккинчи, Жануби ғарбий махсус ҳарбий округи жамоаси эса учинчи ўринга сазовор бўлди. Ғолиб ва совриндорлар диплом, медаль ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди», — дея хабар беради вазирлик матбуот хизмати.
Изоҳ (0)