Бундан икки кун олдин Facebook ижтимоий тармоғидаги бир гуруҳда тармоқ фойдаланувчиларидан бири томонидан «Ургутдаги Чорчинор зиёратгоҳида минг йиллик чинорларни аёвсиз кесиб ташлашяпти» деб пост қўйилди ва постга бир сурат ҳам илова қилинди. «Дарё» колумнисти Ғайрат Йўлдош ушбу масалага аниқлик киритиш учун машҳур зиёратгоҳдаги вазиятни ўрганди.
Мен ўша пост ҳақида кеча хабар топдим ва ҳайрон бўлдим. Сабаби, охирги ўн кун ичида Чорчинор зиёратгоҳига уч марта чиқдим. У ердаги кенг кўламли таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани гувоҳи бўлдим. Аммо кесилган чинорга ёки чинорларга кўзим тушмаган эди. Кеча Facebook’даги ўша хабардан кейин «балк мен охирги марта борганимдан кейин кесишганмикин?» деган гумон билан тушдан кейин яна зиёратгоҳга чиқиб бордим.
Йўқ, ҳаммаси жойида турибди. Чинорларни аввал қандай кўрган бўлсам, ҳаммаси кўкка бўй чўзиб, ўшандай ҳолида турибди. Қурувчилар, ишчилар ўз юмушлари билан банд. Шу ўринда «зиёратгоҳда қандай қурилишлар бўляпти?» деган савол туғилиши мумкин. Зиёратгоҳнинг ичида ХХ аср бошида тикланган «Шайх Муҳиддинхон» номли масжид ҳам бор.
Масжид бугунги кунда ҳам фаолият юритади. Унда беш маҳал намоз ва жума намозлари ўқилади. Масжид таҳоратхонаси зиёратгоҳнинг бир четида, кўча ёқасида, санитария талабларига умуман жавоб бермайдиган ҳолатда эди ва зиёратгоҳга келаётган зиёратчилар учун ҳам, масжидга ибодатга келаётганлар учун ҳам ноқулайлик туғдираётганди.
Бугун ўша эски таҳоратхона бузиб ташланиб, ўрнига замонавий таҳоратхона қуриляпти. Зиёратгоҳни ўраб турган девор ва панжаралар янгиланяпти. Шунингдек, 12 ўринга мўлжалланган икки қаватли меҳмонхона қуриляпти. Икки қаватли яна бир бинода мажлислар зали, кутубхона, эсдаликлар дўкони ўрин олади.
Бу ишларнинг ҳаммаси зиёратгоҳнинг бир четида, олдин пастқам ва тартибсиз қилиб қурилган бинолар бузилиб, ўшаларнинг ўрнида тикланяпти. Асло чинорларни кесиб эмас.
Зиёратгоҳни ободонлаштириш ишлари, қурилаётган турли бинолар зиёратгоҳдаги минг йиллик чинорларга умуман зарар етказмайди. Сабаби, улар зиёратгоҳ ҳудудида шу пайтгача яроқсиз ҳолда бўлган панжара ва деворларни, эски биноларни бузиб, ўрнига янгиларини тиклаяпти.
Бу ишлар учун зиёратгоҳ ҳудудидан бир қарич ҳам жой олинаётгани йўқ. Шунингдек, бу ерда ишлаётган қурувчилар ва ишчиларга ушбу зиёратгоҳдаги ҳар бир дарахт тарихий аҳамиятга эга ва қимматли экани тушунтирилган. Шу туфайли қурувчилар ва ишчилар ниҳоятда эҳтиёт бўлиб ишлаяпти.
Зиёратгоҳни айланиб кесилган биронта кесилган дарахтни топа олмай, шу ўринда эслатиб кетаман, зиёратгоҳни ҳар бир бурчагига диққат билан қараб чиқдим, сўнг ушбу зиёратгоҳ ичида жойлашган «Шайх Муҳиддинхон» жоме масжиди имом хатиби Нодир Турсунов билан бироз суҳбатлашдим.
Нодир Турсуновнинг сўзларига кўра, зиёратгоҳдаги таъмирлаш ишлари бошлангандан бери у масжид ходимлари билан биргаликда қурувчилар ва ишчиларга эҳтиёткорлик билан ишлаш ҳақида маслаҳатлар бериб, ҳолатни доимий назорат қилиб турибди.
Шунингдек, имом домла Facebook’да тарқатилган ўша хабардан қаттиқ хафа бўлганини билдирди ва ёлғончилик инсондаги салбий иллатлар орасида энг ёмони эканини, шу учун ҳам Пайғамбаримиз с.а.в. «Ёлғончи менинг умматим эмас» деб ёлғончиларни ҳам, ёлғонни ҳам хушламаганларини таъкидлаб айтганларини эслатди.
Шундан сўнг қурувчиларга бошчилик қилаётган Шуҳрат Дўстмуродов билан суҳбатлашдим.
Унинг сўзларига кўра, қурилишда ишлаётган қурувчилар ҳам, оддий ишчилар ҳам ушбу зиёратгоҳ ва ундаги минг йиллик чинорларнинг аҳамиятини яхши билади.
Шу учун ҳам қилинаётган ишлар бу ердаги минг йиллик чинорларга ва бошқа дарахтларга ниҳоятда эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиб бажариляпти. Қурилиш раҳбаридан ижтимоий тармоқларда тарқалган расм ҳақида сўраганимда у аслида чинорлардан бирининг кичик шохи синиб, осилиб қолгани ва зиёратчиларга халақит бераётгани туфайли туман экология ва табиатни муҳофаза қилиш бўлими рухсати билан кесиб олинганини ва бу ишни нотўғри талқин қилиниши эса ҳар хил гап-сўзлар урчишига, асоссиз миш-мишлар тарқалишига сабаб бўлганини айтди.
Шундан сўнг зиёратгоҳнинг юқори қисмида жойлашган булоққа бориб, ундан қайнаб чиқаётган маъданларга бой сувдан тўйиб ичдим ва кўкка бўй чўзиб турган чинорларни фотога муҳрлаб, бу жойга қурилиш ва таъмирлаш ишлари тугаганидан кейин яна қайта келишни ният қилиб ортга қайтдим.
Ушбу зиёратгоҳни ва ундаги минг йиллик чинорларни, ёши юз ёшга етган масжидни кўрмоқчи, маъданларга бой булоқ сувидан ичмоқчи бўлганлар, бемалол ташриф буюраверинглар. Ана шунда ҳаммасига ўзингиз амин бўласиз.
P.S.: Зиёратгоҳга ҳар куни 300-400 нафар зиёратчи келиб кетади. Уларнинг асосий қисми хорижликлардир. Кеча мен зиёратгоҳга борганимда ҳам бир гуруҳ хорижлик сайёҳлар зиёратгоҳни айланиб томоша қилиб юрган эди.
Изоҳ (0)