Ўзбекистон Марказий банкида кибержиноятчиликка қарши кураш лабораторияси ташкил этилди. Бу ҳақда, «Газета.uz»нинг хабар беришича, Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов маълум қилди.
Нурмуродовнинг сўзларига кўра, яқин вақт ичида банклараро тўлов тизими 24/7 режимида узлуксиз фаолият кўрсатади. Ҳозирда банклараро тўловлар иш кунлари 17:00 га қадар амалга оширилса, шанба ва якшанба кунлари бунинг иложи йўқ.
«Жисмоний шахсларда ўз мобил телефонлари орқали буни амалга ошира олади. Биз худди шундай шароитни юридик шахслар учун ҳам яратишни истаймиз. Бугун Бухоро, Наманган ва Хоразм вилоятлари фермерлари учун бу имкониятни тақдим этдик, улар тўлов қоғозларини тўлдирмайди, кредит учун банкларга бормайди ва ўз пластик карталари орқали ўғит ва ёқилғи сотиб олиши мумкин. Бу шанба ва якшанба кунлари ҳам, кечаси ҳам, кундузи ҳам ишламоқда», — деди у.
Марказий банк раҳбари ушбу тизимнинг жорий этишда ахборот хавфсизлигига алоҳида диққат қаратиш лозимлигини тан олди. Ушбу йўналишда Ўзбекистон Марказий банки Россия банкининг кредит-молия соҳасида компьютер ҳужумлари мониторинги ва бошқарув маркази — ФинCERT билан ҳамкорлик қилмоқда.
«Эҳтимолий ҳужумларга барҳам бериш учун биз Марказий банкда кибержиноятчиликка қарши кураш лабораториясини очдик», — деди Мамаризо Нурмуродов. Унинг сўзларига кўра, лаборатория фуқаролар ҳисобига тушаётган пул маблағларини ҳам кузатиб боради.
«Айтишим мумкинки, агарда кимнингдир ҳисобига кўп миқдорда пул тушса, ўрганиш олиб борамиз. Очиқ айтаман, масалан, ойлик маошингиз 5 миллион сўм, агар ҳисобингизга бирдан 50 миллион сўм тушса, бу бизда шубҳа уйғотади: балки кимдир янглишдан пул ўтказиб юборгандир, балки бошқа сабаб бордир», — деди у.
Изоҳ (0)