Жиноят ишлари бўйича Фориш туман суди томонидан Жиззахда беш кишининг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчига суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда «Дарё»га жиноят ишлари бўйича Фориш туман суди хабар берди.
Маълум бўлишича, ҳайдовчи Т.Розиқов (исм ва фамилияси ўзгартирилган), 2018 йил 30 декабрь куни соат 11:20 да «ВАЗ-21074» машинасида тегишли ҳужжатларсиз Фориш тумани ҳудудидан ўтувчи автомобиль йўлида ҳайдаб кетаётганида «Хонбанди-Фориш» йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб келаётган Nexia машинаси йўлига чиқиб, йўл-транспорт ҳодисасини содир этган. Ҳодиса оқибитда беш киши ҳалок бўлган, яна олти киши турли хилдаги тан жароҳати олган.
Суд Т.Розиқовни Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисмининг «а» банди билан айбдор деб топди.
Жиноят судланувчининг эҳтиётсизлиги оқибатида содир этилганига қарамай, беш киши вафот этгани, олти киши тан жароҳати олгани, судланувчига нисбатан жабрланувчиларнинг даъвоси борлиги инобатга олиниб, Т.Розиқовга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда, қонун санкцияси доирасида озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Изоҳ (0)