30 апрель куни 21:25 да Қашқадарё вилоятида «Тошгузар—Бойсун—Қумқурғон» темир йўлининг 103-километрида №081 «Сариосиё—Тошкент» йўловчи поэзди ўтаётган вақтда кўчки содир бўлди. Бу ҳақда «Дарё» манбаси хабар берди.
«Ўзбекистон темир йўллари» компаниясининг Ахборот-таҳлил медиамарказидан «Газета.uz»га хабар қилинишича, ҳодиса «Оқработ» станциясидан 8 километр масофадаги «Оқработ—Чашмаиҳофизон» участкасида содир бўлди.
Поезд ҳаракати йўналишида ўнг томонда тупроқнинг кўчиши учта вагоннинг ҳаракатини чеклаб қўйди. Поезд бригадасининг тезкор ҳаракатлари натижасида йўловчилар бошқа вагонларга ўтқазилган ва ҳаракатни давом эттирган. Йўловчилардан ҳеч ким жароҳат олмаган. Шахсий буюмлар ва ҳужжатлар кейинроқ ўз эгаларига топширилган.
22:10 да барча йўловчилар «Деҳқонобод» станциясига муваффақиятли этиб борган. Ҳодиса жойида эса тўлиқ техник кўрик амалга оширилди. Йўловчиларни жойлаштириш учун иккита вагон қўшилгандан сўнг поезд белгиланган манзилга йўл олди.
Айни вақтда темир йўл ҳаракати тикланган, юк ва йўловчи поездлари ҳаракати штат режимида амалга оширилмоқда. Кўчки содир бўлган ер «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси мутахассислари назорати остида.
Апрель бошида сурункали ёғингарчиликлар натижасида «Оқработ—Деҳқонобод» участкасида юк поезди остида кўчки содир бўлган эди. Жабрланганлар бўлмади, йўл шу куннинг ўзида қайта тикланди.
Изоҳ (0)