Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси Тошкент шаҳрида совуқ сув учун тўловларнинг оширилган нархларда қабул қилинаётгани юзасидан ахборот берди.
Тижорат банклари ва почта алоқа бўлинмалари ичимлик суви ва канализация хизматлари учун тўловларни оширилган нархларда қабул қилишни зудлик билан тўхтатиш ҳамда янги нархларни 10 майдан қўллаш тўғрисида Қўмита томонидан огоҳлантирилди.
«Сувсоз» давлат унитар корхонаси томонидан янги нархлар белгиланган муддатлардан бошлаб қўлланилиши ва бугунги кунга қадар оширилган нархларда олинган тўловлар истеъмолчиларга қайта ҳисоб-китоб қилиниши мажбурияти яна бир бор тасдиқланди.
Фуқаролардан тўловларнинг 10 майга қадар оширилган нархларда қабул қилиниши ҳолатлари кузатилган тақдирда Қўмитанинг (71) 241-58-64 рақами ёки ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали боғланиши сўралди.
Эслатиб ўтамиз, 25 апрель куни «Сувсоз» корхонаси Тошкентда 24 апрелдан совуқ сувнинг нархи оширилгани ҳақида маълум қилганди. 26 апрель куни эса Монополияга қарши курашиш қўмитаси ушбу ҳолатга муносабат билдириб, «Сувсоз»га янги нарх (тариф, махсус устама)ларни 10 майдан амалга киритилиши лозимлиги тўғрисида кўрсатма берилган эди.
Изоҳ (0)