Операторлар ва провайдерлар Ягона интерактив давлат хизматлари порталига киришни 1 июлдан бепул қилиши мумкин, деб хабар берди «Газета.uz». Бу Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан тайёрланган Президент қарори лойиҳасида кўзда тутилган.
Хабарда айтилишича, бундан кўзланган мақсад телекоммуникация тармоқларининг жадал ривожланишига салбий таъсир кўрсатадиган омилларни бартараф этиб, давлат электрон хизматларидан фойдаланиш ҳамда ҳудудларда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш имкониятларини ошириш ҳисобланади.
Ҳужжатга кўра, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига маданият вазирлиги билан ҳамкорликда сайёҳлик объектларида, хусусан, 2019 йилда Самарқанд, Бухоро ва Хива объектларида давлат ва хусусий сектор ҳамкорлиги асосида оммавий Wi-Fi нуқталарини босқичма-босқич ташкил этиш вазифасини юкалатиш режалаштирилган.
Олис ва қишлоқ аҳоли пунктларидаги бюджет ташкилотлари учун давлат ва хусусий сектор ҳамкорлиги асосида телекоммуникация инфратузилмасини яратган операторлар ва провайдерлар учун (мобил операторлар бундан мустасно) 10 йил давомида қуйидагиларга кафолат берилади:
- Ушбу аҳоли пунктларидаги бюджет ташкилотлари ва давлат унитар ташкилотларига уларнинг хизматларидан фойдаланиш;
- Уланиш нуқтасидан қатъи назар «Ўзбектелеком» компаниясининг ягона тарифлари асосида интернетдан фойдаланиш;
- Ушбу ташкилотга хизмат кўрсатиш учун мўлжалланган телекоммуникация объектларини, шунингдек, минтақадаги давлат ва бошқа юридик шахсларни жойлаштириш учун бўш жой ва инфратузилмани бепул тақдим этиш.
Изоҳ (0)