Шри-Ланка Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакатда 21 апрель — Пасха куни юз берган терактларда аввал хабар қилинганидек 359 киши эмас, балки 253 киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда TJournal хабар бермоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қайд этишича, аввалги ҳисоб-китобларда хатолик юз берган. Шри-Ланка мудофаа вазири ўринбосарининг сўзларига кўра, қурбонлар сони ўликхоналар томонидан жасадлар миқдори ҳақида ноаниқ рақамлар тақдим этилгани сабаб қайта кўриб чиқилган.
«Ҳалок бўлганлар 250 ёки 260 киши бўлиши мумкин. Аниқ айтолмайман. Жасад бўлаклари шу қадар кўпки, аниқ рақам айтиш қийин», — дейди Шри-Ланка соғлиқни сақлаш хизмати раҳбари Анил Жасинге.
21 апрель куни Шри-Ланкада саккизта портлаш юз берган эди: дастлабки олти портлаш эрталаб деярли бир вақтда, кейинги иккитаси эса бир неча соат ўтгач содир бўлган эди.
Коломбо шаҳридаги меҳмонхоналарда учта, шаҳардаги католик черковларида яна учта теракт амалга оширилган, еттинчи портлаш оролнинг ғарбий қисмида, саккизинчиси эса Коломбо яқинидаги турар жой мажмуасида юз берган.
23 апрель куни ҳалок бўлганлар сони 350 кишидан ошгани айтилган эди. Шу куннинг ўзида терактлар учун жавобгарликни ИШИД террорчилик ташкилот ўз зиммасига олган эди.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)