Нидерландия бош вазири Марк Рютте актёр Владимир Зеленскийга қўнғироқ қилиб, Украина президенти сайловида ғалаба қозонгани билан табриклади, деб хабар берди «РБК».
Рюттенинг сўзларига кўра, улар минтақадаги барқарорлик тўғрисида суҳбатлашган. Шунингдек, Рютте ва Зеленский MH17 рейсининг Донбассдаги ҳалокати сабаблари бўйича суриштирувни кучайтириш муҳимлигини муҳокама қилган.
«Мен ҳамкорликда иш олиб боришни сабрсизлик билан кутаман», — деб сўзларини якунлаган Рютте Twitter’да қолдирган хабарида.
Эслатиб ўтамиз, Malaysia Airlines’нинг Амстердамдан Куала-Лумпурга MH17 рейси билан учиб кетаётган Boeing 777 самолёти 2014 йил 17 июль куни Донбасс ҳудудида уриб туширилган эди. Самолёт бортида бўлган 298 кишининг барчаси ҳалок бўлган. Уларнинг кўпчилиги Нидерландия фуқаролари эди.
Кейинчалик мамлакат расмийлари Халқаро тергов гуруҳини (JIT) ташкил этган. Унинг таркибига Нидерландиядан ташқари Бельгия, Австралия, Украина ва Малайзия вакиллари ҳам кирган.
Изоҳ (0)