«АвтоВАЗ» жорий йил Ўзбекистонда 10 мингга яқин Lada автомобили сотишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 24 апрель куни Тошкентда бўлиб ўтган Expo-Russia Uzbekistan кўргазмасида компаниянинг ташқи бозор маркетинги бўйича менежери Пьер Долуага таяниб Spot хабар қилади.
2018 йилда Ўзбекистондаги Lada автомобилларининг сотуви 357% га ортиб, қарийб 3 минг автомобиль ўз эгаларини топди:
«‘АвтоВАЗ’ учун Ўзбекистон асосий бозорлардан бири саналади. Мамлакатда автомобиллар сотуви жуда тез ўсиб бормоқда, шу жумладан, янги автомобиллар линияси ҳам бунга сабаб бўлмоқда», — дейди компания вакили.
Roodell (Ўзбекистондаги расмий импортёр) директори Данияр Давлетяровнинг сўзларига кўра, ўтган йили мамлакатда савдо ҳажми уч баробарга ошган. Жорий йилда савдо ҳажми ўсиб бормоқда: уч ой ичида компания тахминан 1200 дона автомобиль сотди.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда Lada русумидаги автомобиллар Россия ва жаҳон бозорларига параллель равишда янгиланади. Мисол учун, компания жорий йилнинг иккинчи ярмида расмий тақдимоти ўтган йилнинг август ойида бўлиб ўтган Lada Vesta Sport’ни етказиб беришни бошлаш ниятида.
Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича режалар ҳақида сўралганда, Пьер Долуа «бу ҳақда гапиришга ҳали эрта, бироқ, сотув ўсишда давом этса ва давлат бизни қўллаб-қувватланишини англасак, музокараларга очиқмиз», — деб жавоб берди.
Изоҳ (0)