Пойтахтда сув тошқинларни бартараф этиш ишлари давом этмоқда, деб хабар беради Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.
Тошкент шаҳрида сув тошқинлари билан боғлиқ кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш, тошқинлар оқибатларини тезкорлик билан бартараф этиш мақсадида, Республика Гидрометеорология хизмати марказининг Тошкент шаҳрида апрель ойида, айниқса, 23—24 апрель кунлари кучли ёғингарчилик юз бериши ҳақидаги маълумотига асосан, Тошкент шаҳар ҳокимининг шошилинч хабарномаси берилган.
Унга кўра, Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари бошчилигида шаҳар штаби ташкил этилиб, туман ҳокимликлари ва мутасадди ташкилот раҳбарларининг туну-кун узлуксиз навбатчилиги йўлга қўйилди.
19–23 апрель кунлари шаҳар миқёсида жами 40 дан ортиқ ҳудудда ёғингарчилик оқибатларини бартараф этиш ишлари амалга оширилиб, ушбу тадбирлар учун турли функциядаги 50 дан ортиқ махсус техникалар жалб этилди.
Ёғингарчилик миқдори узлуксиз ва аввалги йилларга нисбатан кўплиги муносабати билан Штаб ишчи гуруҳи томонидан энг биринчи навбатда, автомобиллар серқатнов бўлган йўллар ва аҳоли гавжум ҳудудларни ҳамда босқичма-босқич ички кўчалардаги тошқинларни бартараф этиш ишлари йўлга қўйилди.
Ҳозирда сув тўпланишини бартараф этиш ишлари давом эттирилмоқда.
Изоҳ (0)