Самарқанд вилояти ҳокими Эркин Турдимов томонидан тасдиқланган «Йўл харитаси»да беш ташаббусни амалга ошириш бўйича масъуллар ва чора-тадбирлар белгиланди, деб хабар берди «Zarnews».
Хусусан, тумандаги 135 та умумий ўрта таълим мактабини 3 турдаги (рубоб, дутор, доира) мусиқа асбоблари билан таъминлаш орқали қўшимча 150 та тўгарак ташкил этилади. Шунингдек, мактабларда ҳаваскор ёшлар театр ва ансамбллари тузилади.
Тумандаги барча корхона, ташкилот, муассасалар ишчи-ходимлари, ўқувчилар, катта ёшдаги аҳоли ўртасида эрталабки гимнастика машғулотлари, ҳафтада бир кун спорт тадбирлари йўлга қўйилади.
Ургут марказий маданият ва аҳоли дам олиш масканида, туман марказидаги мусиқа мактабида, амфитеатрда wи-фи ҳудуди ташкил этилади.
Умумтаълим мактаблари, боғчалар ва маҳаллаларга 18 мингдан ортиқ китоб тарқатилади.
Туманнинг олис қишлоқларида тикув-трикотаж мажмуаларини ишга тушириш ҳисобига 400 нафар хотин-қизлар иш билан таъминланади.
Беш ташаббусни Ургутда амалга ошириш доирасида 600 нафар ёшларни ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиш режалаштирилган.
Изоҳ (0)