ИИВ ЙҲХББ мутасаддилари миллий матбуот марказида ўтказилаётган матбуот анжуманида ушбу саволга жавоб қайтарди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Эндиликда куннинг ёруғ вақтида барча автомототранспорт воситалари яқинни ёритувчи чироқларни ёки кундузги сигнал чироқларни ёқиб ҳаракатланиши шарт этиб белгиланди. Ушбу янги қоида аҳоли томонидан кўпгина норозилик ва баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Одамлар ёзнинг иссиқ кунларида ҳам яқинни ёритувчи чироқларни ёқиб ҳаракатланса, автомобиль мотори қизиб кетиши ва ёнғин чиқиши мумкинлиги айтишмоқда. Хусусан, қўшни Қозоғистон давлатининг жанубий қисми — Чимкент шаҳрида ҳам автомобилларнинг шу сабабдан ёниб кетиши кузатилгани айтилмоқда.
«Чироқларни кундузи ҳам ёқиб ҳаракатланиш пиёдаларда ҳушёрликни оширади. Хорижда бу тажриба 10-15 фоизга йўл транспорт ҳодисалари ва пиёдаларни уриб юбориш хавфини камайтирган. Иқлимнинг чироқларни ёқиб юришга салбий таъсири йўқ. Агар автомобиль техник носоз бўлмаса, унинг мотори қизиб кетиши кузатилмайди. Бу каби салбий ҳолатлар эски автомобилларда учраши мумкин. Қўшни Қозоғистонда ҳам айнан эски автомобилларда ёниш ҳолати кузатилган. Техник кўрикдан ўтган автомобилда муаммолар бўлмайди», дея жавоб берди бошқарма матбуот хизмати раҳбари Акмал Юнусов.
Изоҳ (0)