Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар порталида Миллий гвардия ходимлари билан ишлаш ва уларнинг хизмат ўташини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжатга мувофиқ, қуйидагилар Миллий гвардия бўлинмаларининг асосий вазифалари ҳисобланади:
Бўш лавозимларни ўз касбий фазилатлари, хулқ-атвори ва маданият даражаси билан намуна бўлган истиқболли кадрлар билан жамлаш механизмини жорий этиш;
иш тажрибаси ворисийлиги, ёш ходимларнинг хизматга амалий мослашиши, касбий шаклланиш жараёнини тезлаштириш ҳамда уларда хизмат вазифаси бўйича зиммасига юклатилган вазифаларни мустақил бажариш қобилиятини ривожлантиришни таъминловчи самарали устоз-шогирд тизимини жорий этиш;
ходимлар ўртасида барқарор профессионал кадрлар таркибини шакллантириш, ходимларнинг узоқ муддатли хизматини рағбатлантириш, шунингдек, кадрларнинг профессионал ва шахсий фазилатлари ҳамда қобилиятларини инобатга олган ҳолда лавозимларга оптимал тақсимлаш.
Пенсия олиш ҳуқуқини берадиган хизмат муддати календар ҳисобида йигирма йилни ташкил қилади, улардан имтиёзли ҳисобланадиган даври ходимларга пенсия миқдори ҳисобланаётган вақтдагина инобатга олинади.
Миллий гвардия ходимларига ўрнатилган пул таъминотининг меъёрлари жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатиш бўйича тузилган шартномалар асосида фаолият юритувчи Миллий гвардия тизимларининг ходимларига ҳам тадбиқ этилади.
Миллий гвардия ходимлари Ички ишлар вазирлиги олий таълим муассасалари кундузги, сиртқи таълим шаклида, касбий тайёргарлик факультетида, раҳбар кадрларни тайёрлаш факультети (олий курслар)да белгиланган тартибда тайёрланади, қайта тайёрланади ва малакасини оширади.
Ходимларнинг болалари давлат мактабгача таълим муассасаларига яшаш ёки хизмат ўташ жойи бўйича навбатдан ташқари қабул қилинади.
Миллий гвардиянинг хизмат интизоми ва бенуқсон узлуксиз хизмати учун ташаббускор ва виждонли ходимларини тақдирлаш мақсадида «Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг фахрий ходими» идоравий кўкрак нишони таъсис этилади.
Изоҳ (0)