2019 йил 15 апрель куни Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида 369-сонли мактабгача таълим муассасасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Давлат-хусусий шерикчилик асосида хайрия фаолияти шаклида ташкил этилган мазкур таълим муассасаси бирлаштирилган турдаги биринчи MTM бўлиб, унга ҳам соғлом тарбияланувчилар, ҳам жисмоний ривожланишида турли нуқсонлари бўлган болалар қатнаш имкониятига эга бўлади. Бу ҳақда Мактабгача таълим вазирлиги матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.
Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида капитал таъмирланишдан кейин очилган 369-сонли MTM биринчи инклюзив мактабгача таълим муассасаси бўлди. Бирлаштирилган турдаги MTM руҳий ривожланиши суст бўлган болалар учун ташкил этилган гуруҳлар ва умумий таълим гуруҳларидан иборат бўлади.
«Инклюзив таълим – ҳам соғлом, ҳам имконияти чекланган болаларга бирдек керак. Биз ҳар бир болани бағрикенг бўлишга ўргатиш билан бирга инсон қадриятлари унинг имкониятига боғлиқ эмаслиги ҳақидаги фикрни сингдирмоқчимиз. Ёшлик чоғида боланинг руҳий ҳолати очиқ, эгилувчан ва ўзлаштиришга тайёр бўлади. Инсонлар орасида турли феъл ва қиёфага эга инсонлар мавжудлигига ўрганган болалар келажакда ўзларидан фарқ қилган болаларга зулм етказмайди. Жисмоний ривожланишида турли нуқсонлари бўлган тарбияланувчилар учун MTMга қатнаш мулоқот қилиш кўникмаларига эга бўлиш имкониятини яратиб бериб, уларнинг кейинги ижтимоий мослашувини осонлаштиради. Болаларнинг бир-бири билан учрашиши фақатгина ўйин майдони ёки ошхона билан чекланиб қолмайди. Инклюзия тамойилини амалга ошириш мақсадида ҳар бир оддий гуруҳга уч нафар имконияти чекланган, масалан нутқида оғир нуқсонлар бўлган болалар қатнайдилар. Биз ҳомийлар томонидан қўллаб-қувватланадиган мактабгача таълим муассасалари сони кўпайишидан умид қилиб қоламиз», — дейди Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин.
Яккасарой туманидаги 369-сонли MTMда руҳий ривожланиши суст бўлган тарбияланувчилар учун 7 та гуруҳ (1 гуруҳда 15 нафаргача болалар назарда тутилган) ҳамда инклюзив йўналишдаги умумий таълим бўйича 7 та гуруҳ (1 гуруҳда 25 нафаргача болалар назарда тутилган) очилиши режалаштирилмоқда.
Ихтисослаштирилган гуруҳларга болалар психологик-тиббий-педагогик комиссия хулосаси асосида қабул қилинади. Таълим дастури «Илк қадам» давлат дастурининг мослаштирилган варианти ҳисобланиб, унга дефектолог билан ҳар кунги машғулотлар киритилган. MTMда шахсни ҳар томонлама ривожлантириш учун барча шарт-шароитлар яратилган: у ерда шифокор кўрсатмаси бўйича якка тартибда ва кичик гуруҳ машғулотлари учун даволаш-жисмоний тарбия хонаси, жисмоний тарбия зали, ёзги бассейн, футбол майдони ва логопедия шохобчаси мавжуд. Мусиқий таълим дастури эса тузатиш ритмикаси билан тўлдирилган. Шунингдек, мактабгача таълим муассасасида психолог фаолият юритиб, болалар билан машғулотлар ўтказишдан ташқари ота-оналар ва MTM ходимлари билан консултациялар ҳам ўтказади.
Муассасани капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари ҳомийлик маблағлари ҳисобидан амалга оширилди. Яккасарой туманидаги 369-сонли MTM оталиқ шаклидаги хайрия фаолияти давлат-хусусий шерикчилиги тарзидаги биринчи лойиҳа ҳисобланади. Бу эса ҳомийлар томонидан келгусида муассасага беғараз ёрдам кўрсатилишини назарда тутади.
Изоҳ (0)