Россиянинг Сочи шаҳрида бўлиб ўтаётган XI «Атомэкспо» форумида иштирок этаётган «Росатом» корпорацияси бош директори Алексей Лихачёв журналистлар билан суҳбатлашди.
«Дарё» мухбири Севара Нишонова «Росатом» раҳбарига «Ўзбекистонда электр энергияси тақчиллигини ечишнинг энг муносиб ва самарали усули сифатида атом электр станцияси қуриш ҳақида қарор қабул қилинди. Бироқ, бир неча ривожланган мамлакатлар, хусусан Германия ва Япония АЭСлар сонини қисқартирмоқда. Нима деб ўйлайсиз, биз тўғри йўлдан кетаяпмизми?» дея мурожаат қилди.
Алексей Лихачёв ушбу саволга қуйидагича жавоб берди:
«Мен аминманки, Ўзбекистон қайси соҳада бўлишидан қатъи назар ҳамиша тўғри йўлдан боради.
Иккинчидан, сиз санаб ўтган Германия, Япония каби мамлакатларда атом масалалари борасида қабул қилинган қарор билан боғлиқ кўплаб нозик жиҳатлар мавжуд. Уларни бир-бирига мазмунан яқин ёки якуний деб бўлмайди.
Агар ялпи ички маҳсулот ўсиб бораётган жаҳон мамлакатлари биринчи ўнталиги ҳақида гапирсак, у ҳолда аксар мамлакатлар ўзининг ядровий энергетика салоҳиятини нафақат сақлаб қолмоқда, балки уни ривожлантирмоқда ҳам. Улар ушбу соҳага давлат ресусрсларини жалб қилмоқда ҳамда атом энергетикасини ривожлантираётган ташкилотларни қўллаб-қувватламоқда.
Ўзбекистон шунчаки атом технологияларига эга мамлакат эмас. Ўзбекистон изотоп тиббий препаратлар бозорида сезиларли даражада иштирок этмоқда. Айрим турдаги тиббий препаратлар сифати бўйича Россия маҳсулотларидан қолишмайди, айримларининг сифати эса уларни ҳам ортда қолдиради.
Албатта, қудратли атом станциялари қурилиши ва ишга туширилиши экспорт учун катта миқдордаги углеводород ресурсларини ажратади.
Бу эса мамлакатнинг ташқи савдосига, Ўзбекистон иқтисодиёти ривожига муҳим ҳисса, дегани.
Ўйлайманки, бу аддитив технологиялар, рақамли иқтисодиёт, янги материаллар билан боғлиқ янги технологиялар ривожланиши учун жуда катта ва муҳим туртки бўлади.
Биз ўзбекистонлик ҳамкорларимиз билан жуда кенг кун тартибини муҳокама қилмоқдамиз. Аминманки, ушбу ҳамкорлик натижасида атом соҳасида синергетик самара кўзга ташланади».
Изоҳ (0)