МИБ Андижон шаҳар бўлими томонидан истеъмолчиларнинг энергия ресурслари тармоқларидан ноқонуний фойдаланганлик, талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланмоқда. Бу ҳақда МИБ матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.
Текширув ҳаракталари давомида, 2015—2018 йилларда Андижон «Янги шаҳар» ETК ходими О.У. томонидан 4 та масъулияти чекланган жамиятлари фойдаланган электр энергия ҳисобини юритиш бўйича «ПК ЭЛЕКТРHISОБ» электрон дастурига электр ҳисоблагичлари наряд далолатномасиз киритилиб, сарфланган электр энергияси учун ҳисоб ёзмасдан жами 2.847.439 кВт.с электр энергия ҳисоби юритилмаганлиги, натижада давлат манфаатларига жами 1 миллиард 2 миллион 764 минг сўм зарар етказилганлиги аниқланган.
Бундан ташқари, яна бир корхонага ўрнатилган электр ҳисоблагич ток трансформатори коэффициэнти жойида 600/5, яъни 120 коэффициэнт бўлиб, ану шу коэффициэнт бўйича ҳисоб-китоб амалга оширилиши лозим бўлса-да, ушбу корхонанинг электр энергияси учун ҳисоб-китоби 80 коэффициэнт бўйича кам ҳисобланган. Давлат манфаатларига эса 18 миллион 214 минг 848 сўм зарар етказилган.
Бундан ташқари, электр тармоқлари корхонаси ходими О.У. иш фаолияти давомида ҳамкасби томонидан электр ҳисоблагич кўрсаткичи 30 723 кВт.с ни ташкил қилганлиги ёзиб келинган корхонанинг кўрсаткичларини қасддан электрон дастурга киритмаган. Корхона томонидан сарфланган 31 220 кВт.с электр энергия ҳисобини юритмасдан йўқ қилиб юборишига шароит яратиб, давлат манфаатларига зарар етишига сабабчи бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан МИБ Андижон шаҳар бўлими томонидан Андижон «Янги шаҳар» ETК мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатларини ташкиллаштириш учун тегишли тартибда Андижон шаҳар прокуратурасига юборилди.
Изоҳ (0)