5 апрелдан 6 апрелга ўтар кечаси Фарғона вилояти ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Асака–Фарғона магистраль қувурини тешиб, 6 тоннага яқин нефть ўғирлаган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати маълумотига таяниб, «Дарё» мухбири хабар бермоқда.
Маълум бўлишича, Андижон вилояти Булоқбоши тумани Баландчек МФЙда яшовчи А.С. Қува тумани Иттифоқ МФЙ ҳудудида жойлашган фермер хўжалиги майдонида ер остидан ўтган «Андижоннефть» АЖга тегишли Асака–Фарғона магистраль нефть қувурини махсус асбоблар ёрдамида тешган.
А.С. нефть маҳсулотларини яширин равишда талон-тарож қилиб, 136 дона полиэтилен қопларга жойлаган вақтида қўлга олинган. «Андижоннефть» АЖнинг ҳисоб ҳужжатига кўра, яширин равишда талон-тарож қилинган нефть маҳсулотларининг соф оғирлиги 5 тонна 782 кг 100 грамм бўлиб, нархи 9 997 078 сўмни ташкил қилган.
Ҳозирда А.С.га нисбатан Жиноят Кодексининг 169-моддаси 3-қисми «г» банди (нефть қувурларида, газ қувурларида, нефть ва газ маҳсулотлари қувурларида содир этилган ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Мазкур банд билан айбдор деб топилган шахс беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Изоҳ (0)