Сан-Францискода яшовчилар, миллиардер қўшниларининг чиқиндихонасини ковлаб, топган «хазиналарини» сотиб кун кўради, деб ёзади «ForumDaily».
56 ёшли уруш фахрийси Жейк Орта Facebook асосчиси Марк Цукербергнинг 10 миллион долларли уйи яқинида ҳукуматга қарашли уй-жойда яшайди.
Орта Техаснинг Сан-Антонио шаҳрида туғилган ва оилада 12 нафар боладан бири бўлган. Ўн йилдан зиёд у АҚШ Ҳаво кучларида хизмат қилган. У Германияда, Кореяда ва Саудия Арабистонида бўлган. У Америка Қўшма Штатларига қайтиб келганида хотини уни ташлаб кетганди. Кейинчалик Орта алкоголизмдан даволанган ҳамда бошпанасиз қолган. У Сан-Францискога кўчиб ўтди ва беш йил аввал уйсизлар фахрийларга ёрдам бериш дастурида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Кечалари у чироқ билан қуролланиб, Цукербергнинг чиқиндихонасидан «хазина» излайди.
Facebook бош директорининг ахлат қутисида у ишлайдиган фен, чангютгич ва қаҳва машинасини, бошқа бир чиқиндихонадан iPad топган.
«Бир одамнинг ахлати — бошқа одамнинг хазинаси», — дейди ветеран.
Эркак топган нарсасини сотиб, кунига 30 дан 40 долларгача пул топади. Бундай фаолиятдан ўртача даромад ҳафтасига 300 долларни ташкил қилади.
Маълум бўлишича, Калифорния штатида ахлат йиғиш ноқонуний ҳисобланади, сабаби ахлат қутиларидаги чиқинди ахлат йиғиш ширкатининг мулки саналади, аммо бу қонун амалда камдан-кам қўлланилади.
Чиқиндиларни тўплаш тенденцияси Сан-Францискодаги бой ва камбағал аҳоли ўртасидаги тобора ўсиб бораётган фарқни кўрсатади.
АҚШ аҳолини рўйхатга олиш маълумотларини таҳлил қилиш шуни кўрсатадики, Сан-Францискодаги турли синфлардаги ўртача даромадлар ўртасидаги фарқ 339 900 долларни ташкил қилади.
Изоҳ (0)