Россиянинг маҳбуслар бўйича Европада етакчилик мавқеи сақланиб турибди. Бу ҳақда Европа Кенгаши учун тайёрланган Лозанна Университети экспертлари ҳисоботида эълон қилинган, дея ёзади «Ведомости».
Ҳисоботга кўра, 2017 йил январидан 2018 йил январигача Россияда 100 минг аҳолига 418,3 маҳбус тўғри келган. Бу қўшни давлатлар Грузия (100 минг аҳолига 252 киши) ва Озарбайжондан (235) бир ярим баробар кўп дегани. Европадаги ўртача кўрсаткичдан эса тўрт баробар кўпроқ: 100 минг аҳолига 102,5 маҳбус.
2018 йилда маҳбусларнинг умумий сони 602 176 кишини ташкил этган, бу Европанинг бошқа исталган давлатдаги маҳбуслар сонидан кўп ва Черногориянинг бутун мамлакат аҳолиси сонига тенг. Кейинги ўринларни эса Буюк Британия (84 373), Польша (73 822) ва Франция (69 596 маҳбус) эгаллаган.
Энг кам маҳбусга эга давлатлар қаторига Сан-Марино (100 минг аҳолига 18 нафар), Лихтенштейн (31,5) ва Исландия (47) кирган.
Шу билан бирга, Россияда сўнгги ўн йил ичида маҳбуслар сонининг сезиларли пасайиши ҳам кузатилган — 32,4%.
Россияда маҳбусларнинг аксарияти 5 йилдан 10 йилгача қамоқ жазосини ўтайди, 1 фоиздан камроқ қисми эса умрбод қамоқ жазосига маҳкум қилинган. Россияда энг кўп учрайдиган жиноятлар гиёҳванд моддалар савдоси, қотиллик, ҳужум ва талончилик ҳисобланади.
Изоҳ (0)