Ўзбекистонда Британиянинг Crown Agents компанияси билан сохта дориларни ҳақиқийсидан ажратувчи мобил дастурни ишга тушириш юзасидан музокаралар олиб борилмоқда. Бу ҳақда Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Бундай тизимнинг ишлаш тамойили кўпчиликка таниш. Телефон штрихкодга йўналтирилади ҳамда ишлаб чиқарувчи, сертификатлаш ва дори ишлаб чиқарилган сана ҳақида маълумот олинади. Ҳеч қандай маълумот бўлмаса, демак дори сохта.
Crown Agents агентлигининг Марказий Осиё бўйича минтақавий менежери Лариса Кокареванинг таъкидлашича, инновацион тизим биринчи навбатда тиббий препаратларни кузатиш имконини беради. Ҳозирда бундай тизим Бирлашган Араб Амирликларида амалга оширилмоқда ва у биринчи бўлиши мумкин. Ўзбекистон ҳам ушбу тизимга эга бўлган биринчи давлатлардан бири бўлиши мумкин.
«Ушбу тизим мутлақ янгилик бўлиб, у якуний ҳолатида энди амалга оширилади. Ўзбекистон ушбу технологияни жорий этган минтақадаги биринчи мамлакат бўлиши мумкин. Бу лойиҳа, албатта, Ўзбекистон учун жуда муҳим, чунки бу мамлакатда тиббиёт, соғлиқни сақлаш ва рақамли технологияларни тиббиётга жорий этишда катта ютуқ бўлади», — дейди Лариса Кокарева.
Экспертнинг фикрига кўра, тиббий препаратларни назорат қилишга қаратилган тизим, биринчи навбатда, Ўзбекистонда қонуний дори воситалари ишлаб чиқаришга йўл очади ва «қора бозор» дориларига тўсиқ қўяди. Бу эса аҳоли соғлиғи учун жуда катта фойда келтиради.
Изоҳ (0)