Гонконгда бўлиб ўтган Осиё қитъасининг энг йирик кино ва телевизион маҳсулотлар Filmart бозорида «Сабот», «Сарвқомат дилбарим», «Ойқиз эртаги», «Иссиқ нон», «Исломхўжа», «Элпарвар» ва «Назира» каби ўзбек бадиий фильмлари сотилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
«Ўзбекистон — Ислом цивилизацияси маркази», «Хожаи жаҳон Абдуҳолиқ Ғиждувоний», «Қадимий Бухоро», «Хожа Баҳоуддин Нақшбанд», «Ҳақиқат қиличи» номли ҳужжатли ва «Урушнинг сўнги қурбони», «Мама» қисқа метражли фильмлари ҳам киношунослар томонидан яхши баҳоланиб, улар бўйича ҳам шартномалар тузилган.
Мўғулистоннинг Digital content дистрибьютерлик компанияси кинобозорга олиб борилган юқоридаги барча фильмларга харидор бўлган. Мазкур компания уларни ўз мамлакати ҳудудида намойиш этиш билан бирга хориждаги ҳамкорлари орқали жаҳонга тарқатиш бўйича узоқ муддатли шартнома имзолаган.
Франциянинг All rights entertainment компанияси вакилининг миллий фильмларни хусусий кабел телевидениеларида намойиш қилиш ҳуқуқини олиш ҳамда Ўзбекистон ҳудудида маҳаллий киноижодкорлар билан ҳамкорликда фильмлар тасвирга олиш масалаларида берган таклифларини амалга ошириш бўйича амалий ишлар бошлаб юборилган.
Япониянинг Nikkatsu corporation дистрибьютерлик компанияси билан миллий фильмларни Япониянинг интернет телеканалларидаги намойишини ташкил этиш учун фильмлар пакетини белгиланган техник талаблар асосида тайёр ҳолда тақдим этилиши бўйича келишувга эришилган.
Изоҳ (0)