Алишер Навоий номли киносаройда «Шоду хуррамлик» бадиий фильмининг тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Ҳинд—ўзбек лойиҳаси бўлган ушбу картина тақдимотида «Ўзбеккино» миллий агентлиги бош директори Фурқат Зокиров, икки давлат киноижодкорлари, Ҳиндистон ва Бангладешнинг мамлакатдаги элчихоналари вакиллари иштирок этди.
Картина бенгал тилида суратга олинган. Унда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, таниқли сўз устаси Обид Асомов сўнгги бор рол ижро этган. Шу муносабат билан тақдимотга актёрнинг оила аъзолари ҳам ташриф буюрди, унинг ёрқин ижоди ва фаолияти ёдга олинди.
Фильм «Ўзбеккино» миллий агентлиги ва Ҳиндистоннинг Dev entertaiment ventures компанияси билан ҳамкорликда суратга олинган. Сценарийни ўзбек тилига Шоира Ғиёсова мувофиқлаштирган. Ҳиндистонлик режиссёр Аникет Чаттопадҳай эса ғояни экранлаштирди. Бош ролларни Дев Адхикари Дипак Гуру, Караж Мукержи, Пужа Банержи, Коушани Мукержи каби актёр ва актрисалар ижро этган.
Комедия жанрида суратга олинган фильмда ўзбекистонлик актёрлардан Обид Асомов, Муқаддас Холиқова ва Дилноза Кубаева суратга тушган. Тез кунларда уни Ўзбекистон кинотеатрларида томоша қилиш мумкин бўлади.
Изоҳ (0)