Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 29 мартдаги 261-сонли қарорига биноан, «Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) тартиби тўғрисида»ги низомга ўзгартириш киритилди. Бу ҳақда ҳуқуқшунос Хушнудбек Худайбердиев ўз Telegram-каналида маълум қилди.
Ўзгаришга кўра, хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш талаблари рўйхатидан таълим тўғрисидаги ҳужжат Ўзбекистон Республикасида амалда мавжуд бўлган таълим шаклида ўқиб олинган бўлиши кераклиги ҳақидаги қоида чиқариб ташланди.
Бу нима дегани?
Илгари хорижда олинган диплом албатта Ўзбекистонда мавжуд бўлган таълим шаклида бўлиши керак эди. Масалан, бизда анча йиллар сиртқи ва кечки таълим мавжуд эмасди. Шу сабабли хорижда сиртқи ва кечки таълимда ўқиганларнинг дипломи нострификация қилинмас, яъни тан олинмасди.
Ёки худди шу каби муаммо ҳозиргача масофавий (дистанцион) таълимда ҳам бор. Яъни бугунги кунда Ўзбекистонда масофавий таълим шакли йўқ, шу сабабли хорижий ОТМларда масофавий ўқиб, олинган дипломлар бизда тан олинмайди.
Эндиликда эса, худди шу талаб бекор бўлди ва бемалол исталган таълим шаклида олинган хорижий дипломлар ҳам Ўзбекистонда тан олиниши мумкин.
Изоҳ (0)