Қорақалпоғистон Хўжайли тумани «Саришунгул» овул фуқаролар йиғинидаги хонадонларнинг биридан 28 март куни соат 7:30 да тўрт кишининг жасади топилди, улардан уч нафари — болалар. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Хонадондаги 3—4 метр чуқурликдаги айлана шаклдаги қудуқ ичидан 1995 йилда туғилган У.Т. исмли аёл ва унинг уч ойлик И.К. исмли чақалоғининг жасади, уй ичкарисидан аёлнинг икки ёшли М.К. ва уч ёшли К.И. исмли фарзандларининг мурдалари топилган.
Суд-тиббиёт экспертизасининг дастлабки маълумотига кўра, аёл ва унинг чақалоғи ўлимига нафас йўлларига сув тиқилиши сабаб бўлган, уй ичидан топилган икки бола эса нафас йўлларининг бўғилиши оқибатида вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан 28 март куни Қорақалпоғистон прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. «Терговнинг бориши устидан Бош прокуратуранинг алоҳида назорати ўрнатилган», — дейилади Бош прокуратура ахборотида.
Изоҳ (0)