News cover

Руминия ҳукумати тарқатиб юборилди

Руминия парламенти 5 май куни марказчи-ўнгчи бош вазир Илиэ Боложан ҳукуматига ишончсизлик вотумини эълон қилди ва уни лавозимидан четлатди. Бу ҳақда Politico хабар берди.


Овоз бериш жараёнидан олдин ўтган кескин баҳсларда Боложан шундай деди:
“Ушбу ишончсизлик вотуми ёлғон, беадаб ва сунъийдир. Кўплаб инқирозларни бошидан кечираётган ҳар қандай давлат ҳукуматни алмаштиришга эмас, балки уни мустаҳкамлашга ҳаракат қилган бўларди”.

Ҳукуматнинг қулашида марказчи-сўлчи Ижтимоий-демократик партия (PSD) ҳал қилувчи рол ўйнади. Бухарестнинг қатъий тежамкорлик сиёсатидан чарчаган ушбу гуруҳ апрель ойида Боложаннинг Миллий либерал партияси бошчилигидаги ҳукумат таркибидан чиқди. Улар бош вазирни лавозимидан четлатиш учун ўта ўнгчи “Руминияликлар бирлиги иттифоқи” билан ҳамкорлик қилишини эълон қилди.
Бу ҳолат PSD аъзо бўлган Европа парламентидаги Социалистлар ва демократлар гуруҳи учун кутилмаган воқеа бўлди. Марказчи-ўнгчи “Европа халқ партияси”ни йиллар давомида ўта ўнгчилар билан иттифоқ тузгани учун танқид қилиб келган ушбу гуруҳ Руминиядаги воқеалар туфайли ноқулай аҳволда қолди.
Сиёсий инқироз
Илиэ Боложан ва унинг Миллий либерал партияси 2025 йилдан буён, яъни собиқ бош вазир Марсель Чолаку истеъфога чиққанидан бери ҳокимиятда эди. Унинг четлатилиши Руминиядаги президентлик сайловидан бир йил ўтмай содир бўлди. Ўшанда Бухарест мери Никушор Дан ўта ўнгчи етакчи Жорж Симионни мағлуб этганди.
Айнан Жорж Симион Боложан ҳукуматининг қулаши ортидаги асосий шахс деб кўрилмоқда. Унинг партияси рейтингларда кўтарилиб бормоқда. Сиёсий беқарорлик даври ушбу партиянинг имкониятларини янада ошириши мумкин. Бироқ бу ҳолат мамлакатнинг шундоқ ҳам заиф иқтисодий истиқболига таҳдид солади.
Руминия август ойигача Европа Иттифоқининг 11 миллиард евро миқдоридаги маблағини олиш учун муҳим ислоҳотларни якунлаши шарт. Агар давлат молия тизими тартибга солинмаса, мамлакатнинг кредит рейтинги пасайиши мумкин.
Келажакдаги сценарийлар
4 май кунги баҳсларда Жорж Симион муддатидан олдин сайлов ўтказишга чақирди:
“Биз мамлакат келажаги ва бўлажак ҳукумат учун масъулиятни ўз зиммамизга оламиз. Руминия тақдирини руминияликларнинг овози ҳал қилиши керак”, деди у.

Бироқ парламент муддати тугайдиган 2028 йилгача муддатидан олдин сайловлар ўтказилиши эҳтимоли паст деб кўрилмоқда. Энди президент Никушор Дан янги бош вазир раҳбарлигида коалицион ҳукумат тузиш учун партия етакчилари билан маслаҳатлашув бошлаши кутилмоқда.
Сиёсий доираларда икки хил вариант муҳокама қилинмоқда:
1. Боложаннинг либераллари ва социалистлар мустақил технократ раҳбарлигида янги ҳамкорликни йўлга қўяди.
2. Боложан озчилик ҳукуматига раҳбарлик қилади, PSD эса Симионнинг партияси билан бирга мухолифатда қолади.
Илиэ Боложан 1989 йилги Руминия инқилобидан кейин демократик бошқарув тикланганидан бери ишончсизлик вотуми билан лавозимидан четлатилган еттинчи бош вазир бўлди.
Президент Никушор Дан 4 май куни ўтказилган матбуот анжуманида халқни ва Европадаги иттифоқчиларни тинчлантиришга уринди:

“Руминияликларни ишонтириб айтаманки, нима бўлишидан қатъи назар, Руминия Ғарб йўналишини сақлаб қолади. Бир ёки икки ҳафталик мавҳумлик бўлиши мумкин, аммо бу бизни ташвишга солмаслиги керак, чунки биз муҳим мақсадларимизга содиқмиз”.

Бугун, 19:47

Видеолар

News cover

Уч болали аёлга «Президент совғаси» сифатида берилган уй тортиб олиняпти

News cover

«Тож Маҳал бўп кетибди» — Имом Бухорий мажмуасидан репортаж

News cover

У Биринчи жаҳон урушида театр қўйган. Ҳамза уй-музейидан репортаж

News cover

Эрон Трампнинг хатосига айланадими?

News cover

Эрондан кейинги нишон қолган мусулмон давлатлар бўлади — элчи

Теглар

Ижтимоий тармоқлар: