Германиянинг Deutsche Telekom концернига қарашли Австриянинг T-Mobile компанияси Европада биринчи бўлиб 5G — бешинчи авлод мобил алоқа тармоғидан тижорий фойдаланишни йўлга қўйди. Бешинчи авлод алоқа тармоғи ҳозирча 17 та қишлоқ ҳудудини қамраб олди. 5G технологияси 2025 йилгача мамлакатнинг барча фойдаланувчиларига тарқатилади. Бу ҳақда 29 март, жума куни «Корреспондент.net» хабар беради.
Таъкидланишича, компаниянинг асосан Австрия қишлоқ жойларида яшовчи 200 абоненти янги авлод алоқа тармоғининг эксклюзив фойдаланувчиларига айланди. Улар 100 Мбит/с дан ортиқ тезликда интернетда ишлаш имконига эга бўлди.
Расмийларининг режасига кўра, Австрияда барча интернет фойдаланувчилари 2025 йилгача 5G технологияси тармоғи билан таъминланади.
Март ойи бошларида, Австрия 5G — бешинчи авлод мобил алоқа тармоғи частотасини аукцион орқали ютиб олиб, Европада биринчи бўлиб телекоммуникациянинг янги стандартини жорий этишга муваффақ бўлди.
Изоҳ (0)