29 март эрта тонгдан Самарқандда ёғаётган ёмғир шаҳардаги кўплаб кўчаларга тошқинни юзага келтирди. Тинимсиз ёмғир натижасида айрим маҳаллалардаги аҳоли яшаётган уйларда ҳам бир қатор муаммоларни келтириб чиқарган.
«Дарё» муштарийларидан бири Самарқанд шаҳридаги «Фидойилар» маҳалласида ёмғир натижасида 30 тадан ортиқ хонадонни сув босганини маълум қилди. Хабарга видео ҳам илова қилинган.
«Эрталабдан бери маҳалла раиси ҳамма ерга телефон қилиб чиқди. Ҳеч ким улгурмаяпти», — деб изоҳ ёзиб юборган «Дарё» ўқувчиси.
Шунингдек, Самарқанд шаҳридаги Мароқанд кўчасидаги хонадонлардан бирининг ичигача сув кириб борган.
Эслатиб ўтамиз, Самарқанд шаҳар ҳокимлиги сув тошқини туфайли юзага келган ҳолат учун узр сўради. Айни вақтда ёмғирдан ҳосил бўлган тошқинларни бартараф этиш давом этмоқда.
Изоҳ (0)