Ўзбекистон фуқароси гипермаркетдан шоколад ва IQОS чекиш мосламасини ўғирлади. Бу ҳақда Россиянинг Тверь шаҳар Пролетар туман суди матбуот хизматига таяниб, Sputnik хабар берди.
Маълум бўлишича, Қодиржон Жумабоев ўтган йилнинг ноябрь ойида Тверь шаҳридаги «Карусель» савдо маркази омборхонасидан 30 дона IQОS 2.4 чекиш мосламаси ва 160 дона «Сникерс» шоколадини ўғирлаган.
Унинг гипермаркетга етказган моддий зарари 135 минг 491 рубль (тахминан 17,5 миллион сўм) миқдорда баҳоланган.
Жиноятчи ўз айбини тўлиқ тан олган. У моддий аҳволи яхши эмаслиги учун бу жиноятга қўл урганини маълум қилган.
Суд ҳукм чиқаришда айбини тан олгани ва жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар — унинг тўрт нафар фарзанди борлигини эътиборга олди. Шунинг учун унга 9 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони манзил-колонияда ўташ белгиланди. Суд ҳукми қонуний кучга кирмаган ва ҳукм устидан шикоят келтириш мумкин.
Изоҳ (0)