Ўзбекистон—Уругвай (0:3) учрашувдан сўнг бўлиб ўтган матбуот анжуманида дастлаб Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Эктор Купер ўз фикрларини билдириб ўтди.
Биз дунёнинг кучли жамоаларидан бирига қарши майдонга тушдик. Афсуски, ютқаздик. Уругвай терма жамоаси ўтган йили Россияда бўлиб ўтган Жаҳон Чемпионатида қатнашиб, жуда ёрқин таассурот қолдирганди. Оскар Табарес шогирдлари ФИФА рейтингида ҳам юқори ўринларда боришмоқда.Учрашувнинг дастлабки дақиқаларида гол ўтказиб юбордик. Кейин ҳисобни тенглаштиришга ҳаракат қилдик, аммо рақиб жамоа биринчи бўлимда тўп билан кўпроқ муомалада бўлди. Иккинчи бўлимда эса биринчи бўлимга нисбатан яхшироқ ҳаракат қилдик. Тўпни кўпроқ ўзимизда ушлаб туришга интилдик. Аммо рақибнинг тажрибаси барибир ўз сўзини айтди. Уругвай каби кучли терма жамоаларга қарши ўйин биз учун Жаҳон Чемпионати саралаши олдидан яхшигина амалиёт вазифасини ўтаб берди.
Кеча Хитой—Таиланд учрашувини кўрдим. Хитой мағлубиятга учради. Фабио Каннаваро Хитой терма жамоаси бош мураббийи бўлганига кўп бўлмади. Шу сабабли ҳозирча унинг ишига баҳо бериш қийин.
Футболда турли натижа рўй беради. Ғалаба билан мағлубият доим ёнма-ён. Барча натижани қабул қилишга тайёр бўлиш зарур. Биз Уругвайга қарши учрашувни таҳлил қилиб, йўл қўйилган хато ва камчиликлар устида иш олиб борамиз ва келгуси ўйинларга тайёргарлик кўрамиз.
Мусобақа ташкилотчиларига алоҳида ташаккур билдирмоқчиман. Шарт-шароитлар барчаси юқори савияда ташкил қилинган. Бизни жуда илиқ кутиб олишди. Ташкилий қўмита аъзолари ҳар бир талабимизни бажаришга ҳаракат қилишмоқда. Барчаси учун уларга раҳмат айтаман.
Энди Хитойга қарши ўйинга тайёргарлик кўришимиз лозим. Бу ўйинда энг яхши натижамизни кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Хитой — мусобақа мезбони. Шу сабабли учрашув қийин бўлиши аниқ. Шунга қарамай биз ғалаба учун майдонга тушамиз. Чунки бу ўйинлар ФИФА рейтингидаги ўрнимизга таъсир қилади.
Эктор Купер, Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)