Наманганликлар Наврўз байрами арафасида 6 тонналик сумалак тайёрлашга ҳозирлик кўрмоқда. Улар ўтган йили ўзлари ўрнатган 5 тонналик рекордни янгилашни мақсад қилган, деб ёзади ЎзА.
Ушбу баҳорий неъматни тайёрлаш учун Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғига Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳридан оғирлиги 10 тонна 280 кг. бўлган улкан қозон келтирилди.
Сумалак учун 1 тонна буғдой, 3 тонна ун, 500 килограмм ёғ сарфланади. Буғдойни ундириш, таомни тайёрлаш жараёнларига 30 нафар тажрибали аёл жалб этилади.
Аввалроқ Олмалиқ кон-металлургия комбинати раҳбарияти ва Марказий таъмирлаш механика заводи ишчилари сиғими 7 тонналик сумалак дошқозони ва ўчоқ, 3 метрлик иккита кaпкир ва иккита чўмич, шунингдек, қозон-ўчоқ атрофига мўлжалланган металл майдончани бир ой ичида, белгиланган муддатидан аввал тайёрлаб, Наманганга жўнатгани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)