13 март, чоршанба куни Ўзбекистон футбол ассоциациясида «China Cup—2019» халқаро мусобақаси олдидан Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Эктор Купер иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда Эктор Купер терма жамоани ёшартириш борасида саволга жавоб бера туриб, Миллий олимпия қўмитаси расмий сайтида эълон қилинган ташкилот раҳбарининг фикрларига муносабат билдирди.
Эслатиб ўтамиз, Умид Аҳмаджонов Осиё кубогидан сўнг бўлажак мусобақаларда асосий эътиборни энди ёшларга қаратиш зарурлигини таъкидлаб, «энди терма жамоани ёшартириш вақти келди. Олдимизда Жаҳон Чемпионати саралаши турибди. Мазкур мусобақага ёшартирилган таркиб билан йўл оламиз», дея гапириб ўтганди.
Менга шартнома таклиф қилинган пайтда қандай шартлар ёзилганини биласизми? Биз Жаҳон Чемпионатига чиқишимиз керак, Осиё Кубогида чемпион бўлишимиз керак. Жамоани ёшартириш керак деган гап йўқ эди.— Ҳозир ёшартириш талаби қўйилмаган деб айтяпсиз. Лекин яқинда МОҚ президенти ва ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджоновнинг жамоани ёшартириш кераклиги ҳақида фикр билдирди. Бунга қандай муносабат билдирасиз? Умуман раҳбариятнинг мураббий ишига аралашишига муносабатингиз қандай?
— Сизлар ўзи нима хоҳлайсизлар? Жаҳон Чемпионатига чиқишними ёки таркибни ёшартиришними? Ёки ҳар бир ўйинда 3 тадан гол уриб, 70 фоиз тўп билан муомала қилишимизними? Тўғри, сизларни тушуниб турибман. Лекин мени олдимга қўйилган вазифада юқорида айтилган талаблар бор. Бошқаси йўқ.
— Лекин раҳбарият шундай фикрда. Агар улар сизга алоқага чиқиб жамоани ёшартириш керак деб айтса, қандай йўл тутасиз?
— Менга ҳозирча раҳбарият бундай гап айтгани йўқ, — дея Купернинг сўзларини келтиради GoSport.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)