11 март, душанба куни «Реал»га янги бош мураббий сифатида Зинедин Зидан тайинланди. Мутахассис билан тузилган шартнома 2022 йилнинг 30 июнига қадар амал қилади.
«Реал» раҳбарияти бош мураббийликдан истеъфога чиқарилган Сантьяго Соларига клуб тизимида қолишни таклиф қилди.
«Қироллик клуби» Соларининг клубдаги фаолиятини юқори баҳолайди», — дейилади хабарда.Зидан 2016 йилнинг январь ойида «Реал» бош мураббийи этиб тайинланганди. Бунга қадар эса франциялик мутахассис Мадрид клубининг ёшлар жамоасида ишлаган.
Мадридликлар Зидан қўл остида уч мавсум давомида 9 та мусобақада ғолиб чиқди: Испания чемпионати—2016/17, мамлакат Суперкубоги—2017, кетма-кет 3 марта Европа Чемпионлар Лигаси (2015/16, 2016/17, 2017/18), икки бор УЕФА Суперкубоги (2016, 2017) ва клублар ўртасидаги Жаҳон Чемпионати (2016, 2017) ғолиблигини қўлга киритди.
Эслатиб ўтамиз, Зидан ўтган йилнинг 31 май санасида «Реал»дан кетишини эълон қилганди. Унинг ўрнига клубни Хулен Лопетеги бошқарди. У 2018 йилнинг октябрь ойида истеъфога чиқарилиб, Солари олиб келинганди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)