«Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамияти фаолияти тубдан такомиллаштирилади. Хусусан унинг Тошкент автобус саройларидаги улуши ўзга компаниялар ишончли бошқарувига берилиши ёки хусусий компанияларга сотилиши мумкин, деб ёзади Sputnik.
Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 6 март куни имзолаган «Юк ва йўловчи ташиш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорнинг «йўл харитаси»да айтиб ўтилган.
Унда айтилишига кўра, 2019 йилнинг 1 июлига қадар Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ пойтахтда йўловчи транспорти фаолиятини тубдан такомиллаштириш учун Концепция лойиҳасини ишлаб чиқиши керак. Лойиҳага дунёнинг ушбу соҳада етакчи компанияларини жалб қилиш ҳам назарда тутилган.
Таклиф этилаётган ўзгаришлардан яна бири – Тошкент йўловчи транспорти тўлов тизимини тўлиқ автоматлаштириш. Ушбу мақсадга 50 миллион доллар йўналтириш режалаштирилган.
Бугунги кунда «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ таркибига 9 та автобуслар саройи киради. Сўнгги йиллар давомида Тошкент йўловчи транспорти тизими кўплаб танқидларга сабаб бўлмоқда. Бунга сабаб – ҳайдовчиларнинг етарли квалификацияга эга бўлмагани, автобуслар носозлиги ва эскириши бўлмоқда.
Изоҳ (0)