Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида ИИБ томонидан якка-ёлғиз 92 нафар фуқаронинг рўйхати шакллантирилди. Бу ҳақда «Дарё»га туман ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилди.
— Вилоят ИИБ раҳбарияти топшириғига асосан ҳар куни шундай инсонлар холидан хабар олиб, уйларида ҳашар уюштириляпти. Жумладан, 8 март —Халқаро хотин-қизлар куни арафасида Татьяна Султонова, Ҳабиба Қамбарова, Мафкура Мўйматова, Қирғизбу Маҳмудова, Мелик Ортиқова, Хайрихон Бобомирзаева каби ёлғиз онахонларнинг уйларига бориб, байрам дастурхони ташкилланди, хонадонлари тартибга келтирилди, — дейди туман ИИБ бошлиғи, подполковник Носиржон Мирзааҳмедов.
Туманнинг «Водий» маҳалласида яшовчи 80 яшар Татьяна Султонованинг айтишича, яқинлари Россияга кўчиб кетиб, кексайган пайти бир ўзи қолган. Бироқ ИИБ ходимлари уни ёлғизлатиб қўймаяпти.
—Шундай яхши одатлар бор бўлсин. Кунда-кунора йўқлаб туришади, ёлғизлигимни билдиришмайди. Байрамда ҳам келиб, совға-салом билан кўнглимни кўтаришди, уйимни оқлаб-бўяб, файз киритишди. Бунинг учун улардан жуда миннатдорман, — дейди Татьяна Султонова.
Изоҳ (0)