Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистонда бўлиб турган Афғонистон президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Ҳамидулла Муҳиб бошчилигидаги делегация билан учрашди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда Афғонистонда тинчлик жараёнини бошлаш билан боғлиқ қатор масалалар муҳокама қилинди ҳамда минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашилди.
Вазир Афғонистон мамлакат ташқи сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири бўлиб қолаётгани ва Ўзбекистон унинг иқтисодий инфратузилмасини қайта тиклашда бундан кейин ҳам ҳар қандай ёрдамни кўрсатишга тайёрлигини тасдиқлади.
Маслаҳатчи Ҳамидулла Муҳиб Афғонистон ва унинг халқи учун транспорт, энергетика, ва ёшлар учун таълим соҳаларидаги стратегик аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга оширишда Ўзбекистон томонининг иштирок этиши Афғонистонда барқарорликка эришиш, уни минтақавий иқтисодий уйғунлашувга жалб қилишнинг таркибий қисми ва муҳим шарти эканлигини қайд этди.
Учрашувда Ўзбекистон — Афғонистон кун тартибининг бошқа масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Изоҳ (0)