Тошкент вилояти ЙҲХБ ходимлари ҳудуддаги темир йўл кесишмаларига яқин жойлашган 18 корхона-ташкилот, 21 ўқув муассасаси ва 26 маҳаллада профилактик суҳбатлар ўтказиб, темир йўл кесишмасидан ўтиш қоидалари бўйича тушунтиришлар берди, деб ёзади ЎзА.
Бундан ташқари, 47 темир йўл кесишмасига 80 ЙПХ ходими бириктирилиб, темир йўл кесишмасидан электропоездларнинг ўтиш вақтида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ишлари олиб борилди.
Тадбир давомида, биргина 20 февраль кунида темир йўл кесишмасидан ўтиш қоидасини бузган 174 ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди.
Шунингдек, темир йўл кесишмаларида хавфсизликни таъминлаш мақсадида Транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бошқармаси ва тегишли бошқармалар билан ҳамкорликда ишлар ташкил қилинди. Мисол учун, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ Ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бошқармаси билан ҳамкорликда видео кузатув камералари ёрдамида темир йўл кесишмаларидан ўтиш қоидаларини бузиб ҳаракатланган транспорт воситалари ҳайдовчиларига нисбатан чоралар кўрилди.
Жумладан, Nexia русумли давлат рақам белгиси 10 C 556 ҚА бўлган ҳайдовчи ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, ёпиқ турган шлагбаумдан қарама-қарши йўналишга чиқиб ҳаракатланган, қолаверса Matiz русумли давлат рақам белгиси 10 С 437 ҚА бўлган ҳайдовчи кесишманинг тақиқловчи қизил чироғида ҳаракатини давом эттирган.
Ўз навбатида, маъмурий баённома расмийлаштирилган 174 нафар ҳайдовчига нисбатан МЖтКнинг 130-моддаси 1-қисмига асосан энг кам иш ҳақининг 3 баравари миқдорида, яъни 606 минг 190 сўм, жами 105 миллион 825 минг 60 сўм миқдорида жарима белгиланди.
Изоҳ (0)