«Дарё» жаҳон матбуотида охирги кунларда кўтарилган асосий мавзуларга тўхталиб ўтади.
Мен абортларга қаршиман, сизчи?
New Yorker нашри Нью-Йоркда абортлар масаласини ёритар экан, қуйидагиларга тўхтаб ўтди: АҚШнинг кўп штатларида аборт жиноят саналадиган бир пайтда 1970 йилда Нью-Йоркда аборт қилиш қонунийлаштирилган эди. Лекин қонунда кўплаб истиснолар бор эди. Абортлар масаласи ҳозирда ҳам жиноят кодекси орқали тартибга солинади. Нью-Йоркда 24 ҳафталикдан сўнгги аборт жиноят ҳисобланади. Онанинг ҳаётига хавф слоган тақдирдагина аборт мумкин. Агар ҳомила 24 ҳафталикдан сўнг яшаб кетишга қодир эмас деб топилса, аборт учун бошқа штатга боришга тоғри келади. Нью-Йоркда аборт тақиқланган.
Республикачилар партияси қонунга ўзгартириш киритишга қарши. Демократлар эса репродуктив саломатлик, шу жумладан аборт масаласида янги қонун қабул қилинишига эришиш учун ҳаракат қилмоқда. Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, Конгрессда тасдиқлатишга уринмоқда. Уларнинг наздида, ҳомиланинг тақдирини онагина ҳал қилиши лозим. Лекин аборт масаласининг рақиблари кўп, улар янги қонун қабул қилинса, зўрлик ишлатган эркакларни жавобгарликка тортиш қийинлашади, деб ҳисоблайди. Штат католик черкови ҳам абортларга қарши чиқмоқда.
Коинотни тўғри ўлчаганмизми?
Scientific American нашри «Коинотни тўғри ўлчаганмизми?» сарлавҳали мақола чоп этди. Мақолада энг қадимги дунё ва коинотдаги овозларни янги физика фанигина изоҳлаб бера олиши таъкидланади.
Дастлаб бутун коинот қўнғироғи жаранглаган эди. Бу дарҳол катта портлашдан сўнг, бутун коинот заррачалар ва нурланишдан иборат аралашмалар билан тўлган пайтда юз берган.
Плазма бир таркибли бўлса ҳам, айрим фарқлар бўлган. Турли нуқталарда босим ва зичлик озгина фарқ қилган ва шу туфайли материя ҳаракатланган. Материя ҳаракатланганда товуш тўлқинлари юзага келган.
Ҳаммаёқни жарангдор товуш қоплаган. Унинг садоларини биз 13,8 миллиард йилдан сўнг ҳам илғаб оляпмиз. Олимлар буни катта портлашдан кейин қолган ўрта частотали қадимий микротўлқинли нурланиш сабабли аниқлашга муваффақ бўлди. Бу товушни қуёш таркибини ўрганишда қўлланиладиган физика асосларини қўллаб, синчиклаб ўрганишди ва таҳлил қилишди. Уни шунчалик яхши ўрганишган ва моделлаштиришганки, бу рақамлар коинотнинг кенгайиш тезлигини ҳисоблаб чиқишга хизмат қилди. Фанда бу илмий ҳодисага Ҳаббл доимийси деб ном берилди.
Аммо муаммо юзага келди. Қуёш ва юлдузлардан келаётган тўлқинлар билан қадимги манба тўлқинлари бир-бирига мос келмаяпти. Қоидага кўра, улар мос келиши керак. Мақолада товуш ва нурлар мослиги билан боғлиқ муаммоларга жавоб изланади ва асосий муаммоларга шарҳ бериш билан бирга янги дунёга янги физика кераклиги таъкидланади.
Олтин инқироз пайти фойда келтирадими?
Буюк Британида нашр қилинадиган The Economist нашри «Инқироз бошланса нима қилиш керак? Олтиннинг фойдаси ҳақида» номли мақола чоп этди. Мақолада навбатдаги инқироз бошлангани, бу инқироз халқаро валюталар ва давлатларга қай тариқа таъсир қилиши ҳамда бу жараёнда олтиннинг хизматлари борасида фикр юритади.
Хусусан, кейинги пайтларда янги молиявий инқироз бошланиши ҳақида гап-сўзлар қулоққа чалинмоқда. Хўш, инқироз бошланса нима қилиш керак? Нақд пулга эга бўлиш яхши, лекин қандай валютада захира сақлаган маъқул? Долларми? Лекин Америкада молиявий интизомнинг йўқлиги ва унинг жорий ҳисоб-китобларда дефицитлиги барчани ўйланишга мажбур қилади. Бошқа валюталарнинг ҳам ўз камчилиги бор. Лекин бир нарса борки, биз бошқаларга қараб сотиб ола бошлаймиз. Гап олтин ҳақида кетяпти.
Олтин инфляциядан яхши ҳимоя деган фикр юради. Лекин 1 унция олтиннинг нархи минг долларгача ошиб кетса, уни арзон деб бўлмайди.
Еврочи? Евронинг ҳам ўз камчилиги бор. У мустақил эмитентга эга эмас.
Юан эса осон алмаштириладиган валюта ҳисобланмайди.
Япон иенаси ёмон эмас. Бир салбий жиҳати шуки, японлар чет элда 3 триллион долларга эга. Инқироз бошланган пайти иена ўз юртига қайта бошлайди ва бу иенанинг қимматлашувига олиб келади.
Кейинги қаторда Швейцария франки туради. Франк ҳам барчани ўзига жалб қилади. Бунинг акс томони шундаки, Швейцария Япония каби ўз валютасининг қийматини ушлаб туриш учун қўшимча пул босиб келади. Япония, Швейцария ва Еврозонада муддатли фоизлар салбий характерга эга. Бу валютанинг қимматлашмаслиги учун кўп йиллардан бери қўлланиб келинади. Агарда иқтисодий инқироз бошланса, бу катта зарарли сабаб бўлади.
Айнан шундай бир вазиятда олтин жозибадордир.
Доллар жаҳон валютасидир, унга тенг келадига йўқ. Аммо Дональд Трамп президентликка сайланганидан сўнг унинг сиёсий таваккалчилиги туфайли Халқаро валюта жамғармасининг доллар захираси 65 фоиздан 62 фоизга камайди. Россия санкциялар туфайли ўз захирасидаги доллар захирасини камайтириб, тобора кўпроқ олтин сотиб олмоқда.
Инқироз бошланадиган бўлса, олтин зарар кўрмасликнинг энг мақбул воситаси бўлиб қолмоқда. Олтин савдоси ҳажми эса ошиб боряпти.
Молдовада мафия демократияси
Молдовада расмий сайлов кампанияси кетмоқда, деб ёзади Die Zeit нашри. Лекин бу кўпроқ олигархлар ўйинига ўхшаб кетмоқда.
24 февраль куни бу мамлакатда янги парламент сайланади. Бу сайловлар эса Молдованинг ё Россия, ё Европа томон юз буришини белгилаб беради.
Президент Игорь Додон аъзоси бўлган социалистлар партияси россияпараст бўлиб, сўровларда етакчилик қилмоқда. Кейинги ўринда мухолифатчи АСИМ бормоқда. Учинчи ўринда ҳокимият тепасидаги европапараст Демократик партия турибди.
Молдовада сайловда ғалаба қозонган бирор-бир номзод бирор мансабни эгаллайди дегани эмас. Масалан, мухолифатчи АСИМ номзоди Андрей Нестасе ўтган йили Кишинёв мерлиги сайловида ғолиб бўлган эди, лекин суд сайлов натижаларини ҳақиқий эмас деб топди. Нестасининг сўзларига кўра, ҳукмрон партия адлияни ўз назоратига олган. Бу жиноий гуруҳ бўлиб, ўзини «демократик партия» деб атайди. Унинг фикрича, бу гуруҳ ўзининг раиси, олигарх Владимир Плахотнюк манфаатларинигина ҳимоя қилади.
Президент Додон ҳам олигарх бўлиб, унинг корхоналари, телевидениеси бор.
Учинчи олигарх Илон Шор бўлиб, уй қамоғида бўлишига қарамасдан, Оргеев шаҳри мэри бўлиб қолмоқда.
Улар сиёсий соҳада рақибдай кўринса-да, парда ортида тиллари ва манфаатлари бир.
Давом этаётган сайлов кампанияси сиёсий ўйин бўлиб, бир-бирининг устидан мағзава ағдариш бўлиб қолмоқда. Аслида эса улар жиноий тўда гуруҳларидир.
Молдованинг тўғрисўз ва виждонли фуқаролари эса мамлакатни жиноий тўдалардан озод этишга чақирмоқда.
Изоҳ (0)