2019 йилнинг 15 февраль куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш Давлат инспекциясида Times Higher Edusation (THE) агентлигининг Россия ва МДҲ давлатлари бўйича минтақавий директори Егор Яблоков билан навбатдаги расмий учрашув ташкил қилинди. Бу ҳақда Инспекция матбуот хизмати хабар берди.
Мазкур учрашувда миллий рейтинг тизимида қўлланилган методология ва индикаторлар минтақавий директор томонидан таҳлил қилиб чиқилганлиги ва таҳлил натижалари ижобий деб топилганлиги ва THE томонидан расман тан олинганлиги қайд этиб ўтилди.
Учрашувда THE вакили Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ижобий ўзгаришларни ва айниқса таълим тизимига ҳукумат томонидан алоҳида эътибор қаратилаётганлигини алоҳида эътироф этган холда, бугунги кунда Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида ривожланишга интилаётган энг илғор мамлакатлардан бири эканлигини таъкидлади.
Учрашув очиқ мулоқот тарзида ўзаро фикр алмашинувлар асосида кечди. Унда Давлат инспекцияси билан агентлик ўртасида келгусида амалга ошириладиган кўплаб ҳамкорлик йўналишлари ҳақида келишиб олинди.«Ўзбекистон Олий таълим муассасаларининг миллий рейтинги методологияси кўрсаткичлари халқаро талаблар асосида шакллантирилган бўлиб, мазкур ёндашув республика ОТМлариниинг бутун дунё илмий-фан фазоси билан интеграциялашувида муҳим аҳамият касб этади», — дейди Times Higher Edusation (THE) халқаро агентлигининг Россия ва МДҲ давлатлари бўйича директори Егор Яблоков.
2018 йилнинг 1 августида Таълим сифатини назорат қилиш Давлат инспекцияси томонидан илк бор Республика Олий таълим муассасаларининг миллий рейтинги расман эълон қилинган эди. Унда ОТМлар фаолиятининг деярли барча йўналишлари бўйича кўрсаткичлар инобатга олинган.
Хусусан мазкур рейтинг тизимида асосий урғу университетларнинг илмий салоҳияти, академик репутация натижаларига қаратилган.
Мазкур методологияни ишлаб чиқишда инспекция жамоаси томонидан жаҳоннинг энг нуфузли рейтинг агентликлари тажрибалари ҳар томонлама чуқур таҳлил қилинган эди. Шунга қарамай, 2018 йил миллий рейтинг натижалари эълон қилинганида, айрим олий таълим муассасалари томонидан турли хил ассосиз эътирозлар билдирилган эди.
Изоҳ (0)