Самарқандда ўзининг қурувчилик фаолияти билан таниқли бўлган тадбиркор, «Умар» қурилиш компанияси раҳбари ва унинг ходимлари қамоққа олинганлиги ҳақида хабар берган эдик. Бош прокуратуранинг «Дарё»га маълум қилишича, Самарқанд шаҳар прокуратураси «Умар» қурилиш компанияси раҳбари Умар Ражабов, унинг ўғли Руслан Ражабов, «Умар» компаниясига қарашли яна икки қурилиш фирмаси раҳбарлари Шавкат Облоқулов ва Файзулло Файзиевлар устидан жиноий иш қўзғатиб, эҳтиёт чораси сифатида қўлга олган.
Йирик тадбиркор Умар Ражабов ноқонуний қурган дея эътироф этилаётган уйларда яшовчи фуқаролар «Дарё»га мурожаат қилган.
«Дарё» мухбири Фарҳод Норбўтаевнинг аниқлашича, Даҳбет кўчасида жойлашган кўп қаватли уйда ҳозирги кунда 300 нафарга яқин хонадон кўчиб келиб 3 йилдан буён яшамоқда. 800 хонадонга мўлжалланган ушбу кўп қаватли уйларнинг қурилиши охирига етмай тўхтаб қолган.
2018 йилда Самарқандда янги кўп қаватли уйлар қурилиши баҳона тарихий объектларга зарар етказилаётгани, вайрон этилаётгани ҳақидаги хабарлардан кейин тарихий мавзелардаги қурилишлар тўхтатилганди. Ноқонуний қурилган уйларни бузишга кўрсатма берилганди.
Ўша пайтда Даҳбет кўчасидаги «Умар» қурилиш компанияси қурган кўп қаватли уйлар ҳам бузилиши ҳақида гап-сўзлар бўлган. Бироқ бу ерда яшовчи фуқаролар унга қаршилик қилган. 2018 йилнинг 16 июль куни Самарқанд шаҳар ҳокими Фурқат Раҳимов аҳоли билан учрашиб, ушбу ҳолатни муҳокама қилиб, одамларни тинчлантиришга уринганаётгани тасвирланган видео «Дарё» таҳририятига келиб тушди.
Видеода Самарқанд шаҳри ҳокими Фурқат Раҳимов фуқароларга қарата «Агар сизлар масала ечилишини хоҳласангиз, ҳозир ҳамма тарқалади. Ҳамма. Ҳеч ким қолмайди. Мен ўзим қоламан, Умар ака одамлари билан қолади. Ҳамма тарқалсин. Сизлардан илтимос, ҳамма тарқалиб кецин», дейди.
Умар Ражабов одамларга қарата «Мен сизлар билан бирга бўламан, ҳеч қаерга бормайман», деган. Шу жойда Умар Ражабовга ҳаво етишмай қолган.
«Ҳаммаларингиз Худога шукр денглар. Ҳаммани ҳимоясини қиладиган халқимизнинг энг катта меҳрибон отаси бор — Президентимиз борлар. Ҳеч ким хафа бўлиб, норози бўлиб қолмайди. Мен сизларга шаҳар ҳокими сифатида айтяпман, ҳамма тарқалиб кетади, ҳеч ким бу ерда халақит бермасин. Бунақанги йиғилиш ҳеч қайсимизга ярашмайди. Уят. Агар сиз самарқандликлар маданиятли, тушунадиган бўлсангиз тарқалинг», — деган Фурқат Раҳимов.
Видео сўнггида тадбиркор Умар Ражабовнинг мазаси қочиб, аҳволи ёмонлашиб қолгани тасвирланган.
«Дарё» воқеалар ривожини кузатиб боради.
Изоҳ (0)