Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Тошкент аэропортининг транзит зонасида бўлган Ксяйман Халимубиеке ҳақида маълумот берди.
«Оммавий ахборот воситаларининг фуқаро Ксяйман Халимубиекенинг тақдирига доир кўплаб мурожаатлари муносабати билан шуни маълум қиламизки, у мамлакатимизга Қозоғистондан келган ва Тошкент халқаро аэропортининг транзит зонасида бўлиб турган. У Ўзбекистон ҳудудига кирмади ва 9 февраль куни Бангкок шаҳрига учиб кетди», - дейилади вазирлик баёнотида.
Таъкидлашларича, Халимубиеке аввалроқ Таиланддан транзит билан Тошкент орқали Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрига борган эди.
«Kun.uz»нинг қайд этишича, 8 февраль куни Қозоғистондаги журналистлар ижтимоий тармоқларда этник қозоқ Ксяйман Халимубиекега Тошкент аэропортидан депортация қилиш таҳдид солаётгани ҳақида хабарлар қолдирганди.
Қозоғистондаги «Атажурт» инсон ҳуқуқлари ташкилоти вакилларининг сўзларига кўра, «Хитойда туғилган ва этник қозоқ ҳисобланган Халимубиеке Хитойдан қочиб, Тошкент аэропортида бўлган. Хитойнинг Ўзбекистондаги элчихонаси уни Хитойга қайтариш ниятида эди». «Агар Ўзбекистон ҳукумати уни Хитойга қайтариб юборса, у камида 20 йилга озодликдан маҳрум этилиши ёки ўлим жазосига ҳукм қилиниши мумкин», — деб ёзганди ташкилот вакиллари.
Изоҳ (0)