Ўзбекистонда никоҳдан ўтмасдан яшаб келаётган 10 минг 24 нафар оила аниқланди. Уларнинг 6,5 мингга яқинида никоҳ расмийлаштирилди. Бу ҳақда «Оила даврасида» газетасига асосланиб «Kun.uz» хабар бермоқда.
Қайд этилишича, ФҲДЁ органлари тизимида ўтказилган ўрганишлар «демографик статистикада катта хатолар бор»лигини кўрсатган.
«Чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳоли туғилган чақалоқларни рўйхатдан ўтказиш, никоҳни расмийлаштиришга бефарқ қараб келмоқда. Хусусан, 9 988 нафар боланинг туғилганлик ҳақидаги ҳужжати мавжуд эмас. Шунингдек, қайд этилмаган ҳужжатларнинг 90 фоизга яқини айнан туғилиш ва никоҳ ҳақидаги гувоҳномаларга тўғри келади», — дейилади хабарда.
Юридик нуқтаи назардан мазкур ҳужжатларнинг мавжуд эмаслиги фуқароларни қонуний ҳуқуқ ва эркинликларидан маҳрум қилади. Расмий гувоҳномаси мавжуд бўлмаганлар йўқ шахслар, деб ҳисобланади. Масалан, туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасиз болани боғчага расмийлаштириб бўлмайди, мактабга қабул қилинмайди.
Қўшимча қилишларича, фуқаролик ҳолати далолатномаларининг ўз вақтида қайд этилмаганини аниқлаш бўйича инвентаризация тадбирлари 2019 йил 1 июлга қадар давом этади.
Изоҳ (0)