Ҳукумат қарори билан Ноёб илмий объектларни аниқлаш, уларни сақлаш ва мониторингини олиб бориш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» Telegram-каналида хабар берилди.
Объектларни ноёб илмий объектлар деб топиш Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан амалга оширилади.
Низомга мувофиқ, ноёб илмий объект деб ҳисоблашда объектлар қуйидаги мезонлар асосида баҳоланади:
объектнинг республикада ягоналиги;
объектнинг илмий-амалий аҳамиятга эга бўлиши ва илмий тадқиқотларда фойдаланилаётган бўлиши;
тегишли соҳада ушбу объектсиз фундаментал ёки амалий тадқиқот олиб боришнинг имконсизлиги;
объектнинг моддий жиҳатдан юқори қийматга эгалиги.
Объектларни ноёб илмий объектлар деб топиш бўйича таклифлар 1 апрелгача қабул қилинади ҳамда 30 апрелгача ноёб илмий объектлар деб топилган объектлар рўйхати эълон қилинади.
Тасарруфида ноёб илмий объект бўлган муассаса раҳбари объектнинг сақланиши учун жавобгардир.
Изоҳ (0)