Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

ЎзАда Япониянинг Nissan Motor Co. Ltd компаниясининг Халқаро нархларни белгилаш бўлими мутахассиси Равшанбек Мамажоновнинг мақоласи эълон қилди. Ушбу мақолада халқаро мутахассиснинг Ўзбекистон автомобиль саноатида Япониядан нималарни ўрганиши кераклиги ҳақидаги фикрлари ўз аксини топган.

Фото: Google Images

Фото: Google Images

1930 йилларда Япония автомобиль бозори тўлиқ Ford ҳамда General Motors каби Америка фирмалари қўлида эди. Лекин ҳеч ким бу даврда тасаввур ҳам қилмаган, ярим асрдан кейин Япониянинг миллий фирмалари дунё бозорининг асосий ўйинчисига айланади, деб.

Ҳатто 40 йилларнинг охирларида ҳам Япония банки ҳамда Транспорт вазирлигидаги расмийлар Японияда автомобиль саноатини ривожлантириш самарасиз фикр эканини, бу давлат ўзининг чекланган ресурсларини бошқа соҳаларни ривожлантиришга сарф қилишини ақллироқ фикр бўлишини таъкидлашган. Аммо, 1980 йилда Япония автомобиль ишлаб чиқариш ҳажми бўйича дунёнинг барча мамлакатларини ортда қолдиради!

Буни қуйидаги жадвалда кўришингиз мумкин:

Фото: ЎзА

Фото: ЎзА

Хўш, японлар бундай натижага қандай эришишди? Ҳозирга қадар буни ўрганиш учун жуда ҳам кўп илмий изланишлар олиб борилган ва қуйида асосий омилларни ўрганиб чиқамиз. Бунда Мичаэл Кусуманонинг япон автомобиль саноати тарихига бағишланган китобидан кенг фойдаландим. Ундан кейин Ўзбекистон учун фойдали нуқталарга ҳам тўхталиб ўтамиз.

Япония автомобилсозлигини ўсишига сабаб бўлган омиллар:

Давлатнинг маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ташқи рақобатдан ҳимоя қилиши ва молиявий кўмаги. Юқорида айтиб ўтганимдек, 30 йилларда Япония автомобиль бозорида Америка фирмалари ҳукмронлик қилган. Маҳаллий ишлаб чиқарувчи фирмалар кам, бори ҳам чет эл бизнеси билан рақобатга кириша олмаган. Буни тушуниб етган ҳукумат чет эл автомобиллари импортига юқори солиқлар белгилаш каби усуллар билан бозордаги уларнинг савдосини қийинлаштирган. Мақсад маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилиш эди. 1926-1935 йилларда Ford ҳамда GM асосан автомобилларни Японияда йиғиш орқали япон бозорининг 95 фоизи эгаллаган. Лекин 1936 йилги қонун билан ҳукумат чет эл фирмаларини ҳаётини қийинлаштиради ва 1938 йилда юқоридаги икки чет эл фирмалари Япония бозорини тарк этгандан сўнг япон фирмалари бозорни 100 фоиз назоратига олади.

Урушдан кейинги йилларда Nissan, Toyota ҳамда Isuzu’нинг барчаси банкрот ҳолатида бўлган ва юқорида айтиб ўтганимиздек, Япония банки (Банк оф Жапан) вакиллари каби расмийлар автомобиль ишлаб чиқариш саноатидан воз кечишга чақирган. Лекин Ташқи савдо ва Саноат вазирлиги автомобиль саноати пўлат ишлаб чиқариш каби бошқа соҳаларни ҳам ривожланишига туртки бўлади, деган фикр билан мазкур учта фирмани катта қарзлар орқали банкротликдан чиқиб олишига ёрдам беради.

Хориж технологиясини бевосита кўчириб келиш. Миллий маҳсулотларни сифати жуда ҳам паст бўлгани учун, ҳукумат япон фирмаларини мустақил равишда янги автомобиль ишлаб чиқармасдан, хорижий фирмалар билан ҳамкорликка киришишга рағбатлантирди. Nissan Британиянинг  Austin Motors билан расмий ҳамкорликка киришиб, Японияда Austin автомобилларини йиғиш, кейинчалик маҳаллийлаштириш ва натижада уларнинг тажрибасини ўзлаштиришга киришди. 7 йил давом этган ҳамкорликда Nissan автомобиль ва унинг қисмларини ишлаб чиқаришда хориж тажрибасини тезликда ўзлаштиришга ҳаракат қилди.

Фото: Google Images

Фото: Google Images

Хориж технологиясини билвосита кўчириб келиш. Бунинг ёрқин мисоли Toyota тажрибасида кўринади. Бу усул бирор бир хориж фирмаси билан расман қўшма корхона ёки шунга ўхшаган лойиҳаларга киришмасдан, уларнинг технологиясини мустақил равишда ўрганиб чиқиб, ўзи ишлаб чиқаришга ҳаракат қилишдир. Бу усулнинг юқоридаги Nissan усулидан устун иккита жиҳати бўлди. Биринчиси шуки, Nissan Austin’ни расмий ҳамкори бўлгани учун фақат унинг усулига асосланиб иш юритган бўлса, Toyota бир пайтнинг ўзида турли хил етакчи хориж фирмаларини технологиясини ўрганиб, фақат яхши ва ўзига тўғри келадиган жойларини танлаб олиб ўз маҳсулотларини ишлаб чиқарди. Иккинчи устун жиҳати, Nissan’да ҳамкорликнинг 7 йили давомида Austin инженерлари асосий ролни ўйнагани учун Austin билан шартнома тугаб ҳамма иш японларнинг ўзига қолгандан кейин маълум муддат технологик муаммолар келиб чиқди. Toyota доим мустақил ўз инженерларига асосланиб ишлагани учун унда бундай муаммолар пайдо бўлмади.

Доимий яхшилаш ёки «каизен». Дунё адабиётларида «каизен-доимо яхшилаб, ривожлантириб бориш» сўзи кўпроқ Toyota бизнес модели билан бирга келади. Юқорида айтиб ўтганимдек, япон инжинерлари турли хориж фирмаларини тажрибаларини ўрганиб, уларни фақат яхши хусусиятларини ўзларида янада такомиллаштириб қўллашга ҳаракат қилишган. Натижада, нафақат Toyota, балки бошқа япон фирмалари ҳам ишлаб чиқариш ҳажми хориж рақобатчилариникидан камроқ бўлса-да, уларникидан пастроқ харажатда ишлаб чиқариб, арзонроқ нархларда сотишга ва жаҳон бозорини эгаллашга эришишди.

Ички рақобатни мавжудлиги. Япония бозори узоқ йиллар хориж ишлаб чиқарувчилари учун ёпиқ бўлган бўлса-да, миллий ишлаб чиқарувчилар сони бир нечтани ташкил этиб, улар ўзаро рақобат орқали турли хил янгиликларга қўл урган ва натижада ишлаб чиқарувчилар ҳам истеъмолчилар ҳам бундан катта фойда кўрган. Ички бозорда тўпланган рақобатлашиш тажрибаси кейинчалик ташқи бозорда ҳам муваффақият қозониш омилларидан бири бўлиб хизмат қилган десак тўғри бўлар.

Қисқа қилиб айтганда, автомобиль ишлаб чиқарувчилар ўзлари қилиши керак бўлган ишни қойилмақом қилиб бажаришди. Шу билан бирга, уларни бу даражага етишига, жамиятдаги ва иқтисодиётдаги шаклланган муҳитнинг ҳам ўрни катта. Хусусан, соғлом банк-молия тизими, имкон қадар эркин иқтисодий фаолият таъминланган оптимал даражадаги давлат ва хусусий секторнинг муносабатлари шулар жумласидан. Автомобиль саноати иқтисодиётнинг фақат бир қисми бўлгани учун бошқа алоқадор соҳалар ривожланмаса, аҳоли даромади ошишига ҳисса қўшмаса, автомобилчилар ўзлари қанча ҳаракат қилмаса, кўзланган мақсадга эришиш қийин.

Изоҳ
Asosiy yangiliklar
Дунё
Илон Маск Twitter’да Apple рекламалари тикланганини эълон қилди
Дунё
Туркиянинг Kizilelma қирувчи дрони илк парвозни амалга оширди (видео)
Дунё
Хитой Россияга ҳарбий ёрдам кўрсатдими?